Андижон 24

АЖДОДЛАР ЎГИТИ - МАЪНАВИЯТ КЎЗГУСИ


18.10.2020   3652

Имом Абу Ҳомид Ғаззолий “Кимёи саодат” номли асарида “Инсон фаришта ва ҳайвон орасидаги маҳлуқдир. Ҳайвон ривожланмайди, чунки унинг камолот қуввати йўқ. Фаришта ҳам ривожланмайди, чунки унинг ўзи пок илоҳий нурдан иборат. Фақат инсондагина ривожланиш, руҳий камолот хислати мавжуд” дея таъкидлаганида инсонларнинг юксак маънавияти ифодаланган. Маънавият тарихи, инсоният цивилиза-цияси тарихи бу ўз-ўзини англаш, камол топтириш учун олиб борган курашнинг натижасидир.

Одамзод тафаккури, ақл-заковати, лаёқати билан дун-ёни лол қолдиради, мўъжизалар яратади, бироқ тубан, жирканч ишларга ҳам қўл уради. Бу ҳол турли замонларда гоҳ зоҳиран, гоҳ ботиний ҳолда давом этаверади. Алломалар, файласуф донишмандлар бу саволга жавоб излаганлар, ўз даври маънавий олами миқёсида ўлмас, буюк дурдоналарини мерос қолдирганлар.

Шарқ мутафаккирлари наздида инсонда икки асос мавжуд, яъни илоҳий-руҳий қувват ҳамда моддий ҳайвоний қувватдир. Ҳайвоний қувватни олимлар табиатдаги тўрт унсурдан тупроқ, сув, ҳаво, оловдан деб билганлар. Бир-бирига зид бу тўрт унсур барча биологик қувватларни ҳаракатга келтирган.

Дарҳақиқат, инсонни тарбиялаш ва инсоний сифатларини ошириш мумкин. Тўғри ва раҳмоний йўлга юрса ботиний оламини поклаб маърифат нурига тўлиб, камолот сари бораверади. Маълумки, Ислом оламида тарбия масаласи инсонни поклаш ва камол топтириш илмий бўлган тасаввуф кишидаги барча салбий ҳислатларни нафс тушунчасига боғлаб изоҳлайди, шунингдек, улуғ аждодларимиз Абу Наср Фаробий, Беруний, Ибн Сино, Абу Ҳомид Ғаззолий, Азизиддин Насифий, Фаридиддин Аттор, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Фурқат, Муқумий ва бошқа алломалар, шоир ва олимларимиз ҳаёти ва ижоди ёшларимиз учун тенгсиз ибрат ва туганмас маънавий, илмий меросдир.

Инсонпарварликнинг илк намунаси сифатида Хоразм воҳасида яратилган “Авесто” деб номланган бу бебаҳо маънавий обида туркийзабон ва Шарқ оламида кенг тар-қалган халқларнинг маънавий бойлигидир. Унда инсон маънавиятининг пойдевори ишонч, ҳалоллик, собитқадамлилик каби эзгу қадриятлар асос қилиб олинган. Ва ўтмишдан ибрат, келажакка огоҳлик билан қарашдек эътиқоддан сабоқ беради.

Беруний эътирофига кўра, “Авесто” таълимотида давлат миқёсида кишилар бирлигини таъминлаш каби муштарак ғоялар мавжуд. Эзгу ният, эзгу сўз, эзгу амал - бу уч каломнинг, унсурнинг бирлиги инсониятга хизмат қилувчи, ҳар қандай чегарани тан олмайдиган гуманизмнинг пойдевори сифатида хизмат қилади. Ва асарда ўз даврининг умуминсоний қадрияти бўлган эзгуликка чорлайдиган таълимотни, ғояни қидиради, топади ва ривожлантиради. Чунки ҳар қандай цивилизация ғоялар, мафкуралар ва таълимотнинг ўзаро муносабатлари, зиддияти, тўқнашуви орқали кишилар онгига сингиб боради, оламни англашга, уни ўзгартиришга хизмат қилади.

Шунингдек, “Авесто”да кишилик ривожланишнинг 3 даврини кузатиш мумкин:

Одам Йима, олтин ҳамда бахт-саодат даври;

Яхшилик ва ёмонлик кураши даври;

Келажак даври.

Китобда эзгулик ёвузлик устидан ғалаба қилиши, яъни яхшилик худоси Ахурамазда ёмонлик худоси Ахриманни енгиб бориши тасвирланади. Кишилар қалбидаги хислатлар одамларга маънавий қудрат, руҳий бирдамлик берувчи куч вазифасини ўтайди. “Авесто”нинг маънавий қадрияти бугунги кун одамларининг маънавий руҳий ривожланиши ва камол топишининг ҳам муҳим омилидир.

Муҳиддин НАЗАРОВ,

фалсафа фанлари

номзоди, доцент.

Оқибатхон ФОЗИЛЖОНОВА,

Андижон машинасозлик институти 2-курс талабаси