Андижон 24

Айём шукуҳи: ҚУРБОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!


10.08.2019   1008

Мамлакатимизда мусулмонларнинг энг катта шодиёналаридан ҳисобланган, диний ва миллий байрам сифатида халқимиз онгу шуурига сингиб кетган икки Ҳайитни жуда кенг миқёсда, ўзгача тантана билан нишонлаш ота-боболаримиздан қолган бой анъана ҳисобланади. Бу борада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга икки улуғ байрам ҳақида шундай деганлар: "Аллоҳ таоло Исломгача бўлган даврда нишонланадиган байрамлар ўрнига афзалроқ бўлган Рамазон ва Қурбон ҳа-йитини ҳадя қилди"(Абу Довуд ривояти).

Шу кунларда бутун дунё мусулмонлари Қурбон ҳайитини катта шукуҳ ва хурсандлик ила нишонлаш арафасида турибди. Мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ Рамазон ва Қурбон ҳайитлари алоҳида умумхалқ байрами куни, деб белгиланаётгани уларнинг янада ардоқли ва қадрлилигини кўрсатмоқда. Бу гал ҳам Қурбон ҳайитини жорий йилнинг 11 августида кўтаринки руҳда нишонлаш бўйича Юртбошимизнинг қарори эълон қилинди.

Шу кунлари қилинадиган улуғ вазифаларимиздан бири инсонларга хурсандлик, хушнудлик кайфиятини улашишдан иборат. Ҳайит намозидан сўнг энг аввал, бизларнинг дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, устозлар, қариндош-уруғларимизу ёру биродарларимизни, беморларни бориб зиёрат этсак, қўлимиздан келганича, ҳадялар улашсак ва албатта, аҳли-аёлларимиз, фарзандларимизни табриклаб, совғалар билан сийласак, динимиз кўрсатмаларини адо этган бўламиз.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам "Бева ва мискинга ғамҳўрлик қилувчи - Аллоҳ таоло йўлида курашувчи ёки туни билан ибодат қилиб, куни билан рўза тутувчи кабидир," деганлар. Қурбон ҳайити шод-хуррамлик, кўнгил олиш, меҳр-оқибат, хайр-саховат кўрсатиш, бир-бирлари билан дийдорлашув байрамидир. Хурсандчилик билан, хуш кайфиятда ўтказиш мусулмонга ярашиқли амаллардан ҳисобланади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунда янада меҳрибонроқ,шафқатлироқ бўлар, етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, муҳтожлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар. Демак, биз ҳам у зоти шарифдан ибрат олиб,гина-кудуратларни унутиб, кечиримли бўлишимиз лозим.

Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсинки, юртимиз тинч ва осойишта.Гўзал диёримизни турли бало-офатлардан Яратганнинг ўзи асрасин. Хирмонларимизга барака берсин, иқболимизни баланд, толеимизни улуғ қилсин. Юртбошимизнинг эл-юрт манфаати йўлидаги хайрли ишларида юксак муваффақиятлар ёр бўлсин! Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин, омин!

Нурилло ҚОДИРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти

вакиллиги масъул ходими.