ЖАМИЯТ

АЁЛГА БАХТ БЕРИНГ, МУҲАББАТ БЕРИНГ...


06.03.2019   1483

Вилоятимизда Халқаро хотин-қизлар байрами кўтаринкилик билан нишонланди.

Андижон шаҳридаги «Тошкент Премиум» тантаналар саройига йиғилган фидоий ва меҳрибон онахонлар, халққа беминнат хизмат қилаётган тиниб-тинчимас опа-сингилларимиз гулдасталар билан кутиб олинди.

Вилоят ҳокими, Шуҳратбек Абдураҳмонов йиғилганларни табриклаб, эришаётган ютуқларимизда уларнинг хизматлари беқиёс эканлигини эътироф этди.

Узоқ йиллар турли соҳаларда жонкуярлик билан хизмат қилган, ҳам давлат ишини, ҳам оиласининг тотувлигини таъминлаган онахонларнинг бир гуруҳига «Мўътабар аёл» кўкрак нишонини топширди.

  • Аёл учун энг катта мукофот бу эътибордир, - дейди «Мўътабар аёл» нишони соҳиби, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллигининг хотин-қизлар масалалари бўйича раиси Саодатхон Расулова. –Байрам арафасидаги бундай эътибор кўнглимизни тоғ қадар кўтарди.

Шунингдек, вилоятимиз равнақига ҳисса қўшиб, тадбиркорлик фаолияти ва жамоат ишларидаги жонбозлиги билан ажралиб турган опа-сингилларимиздан бир гуруҳи вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

Файзли даврада Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Комилов, хонандалар Феруза Жуманиёзова, Муродил Ҳакимов, Аслбек Нигматов ва бошқалар ижросидаги қўшиқлар янграб, барчани рақсга чорлади.

Кўнгиллари баҳорий байрам шукуҳи, эртанги кунга ишонч, бахт, меҳр ва садоқат туйғулари билан тўлган хотин-қизлар бундай ёруғ кунларга шукроналар айтиб чарчамадилар.

Муҳаббат ОТАМИРЗАЕВА.

Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.