ЖАМИЯТ

АЙНИ ВАЗИЯТДА ТОМОРҚАДАН УНУМЛИ ФОЙДАЛАНИШ – ЭНГ ОҚИЛОНА ЙЎЛ


30.04.2020   3102

Коронавирус инфекцияси хавфи туфайли эълон қилинган карантин муддати халқимизни томорқадан унумли фойдаланишга жалб қилаётганини кўриб турибмиз. Уйда бекор ўтиришдан кўра фойдали меҳнат билан шуғулланишга, бунинг устига шу орқали даромадолишга нима етсин?

Айни саросимали вазиятда O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши ходимлари, депутатлари масофадан иш ташкил қилиш баробарида ўзларининг шахсий томорқаларида жавлон урмоқдалар. Келинг, яхшиси, мисолларга мурожаат қилсак.

O’zLiDeP Андижон вилоят кенгаши аппарат раҳбари вазифасини бажарувчи Равшанбек абдураҳмов хонадонидаги мавжуд 3 та иссиқхонада бодрингнинг “Эспеданта” ҳамда “Орзу” навлари парвариш этилмоқда. Аллақачон ҳосили харидорларини топиб улгурган бодрингнинг бозори чаққон. Кун ора етилиб, ички бозорга тақдим этилаётган ҳосил кўзни қувнатади. Оиладагилар бўш вақтларидан унумли фойдаланишяпти.

-Тўнғич қизим Моҳичеҳра, доимий ёрдамчим, - дейди Р.Абдураҳимов. – Очиғи, авваллари иссиқхона фаолиятига вақт топишга қийналардим. Ҳозир эса карантиндан унумли фойдаланяпмиз.

Партия Булоқбоши туман Кенгаши ижрочи котиби Илҳомжон Аҳмадалиев ҳам бу борада Равшанбекдан ўрнак олган кўринади. Карантинда ҳам партия ишини, ҳам томорқа фаолиятини самарали амалга ошираётган бу йигитнинг боғдорчиликдан ҳам яхшигина хабари бор экан. Эрта баҳорда ерга қадалган картошка уруғи аллақачон барқ уриб тупроқ кўзини ёриб чиқди. Илҳомжон андижонликлар тили билан айтганда “картошка чопиқ”ни якунлади. Энди навбат хонадонига зеб бериб турган узум парваришга. Токларни бу йилги илк “хомток” қилиш вақти етганда!

O’zLiDeP Марҳамат туман Кенгаши ижрочи котиби Муҳаррамой Гулматова хонадонидаги лола гулига ҳавасингиз келади. Икки сотих томорқа четларию ҳовлининг атрофини эгаллаб лов- лов “ёнаётган” лолалар баҳру дилни очади. Томорқага экилган картошка, помидор ва бодринг кўчатлари бўй чўзиб бир-бири билан сирлашаётгандек манзарани кўрсатади беихтиёр...

Сафдошларимизнинг барчаси меҳнатда суяги қотганлардан эканлигини айни карантин вақтида ҳис қиляпмиз. Уларнинг томорқадан фойдаланишдаги маҳоратларига гап йўқ! Партиянинг Бўстон туман Кенгаши аппарат раҳбари Ферузахон Рустамованинг яшаш хонадонидаги 10 сотихдан иборат томорқасида иш қизғин. Аёл киши бўлишига қарамай, ер парвариши, ҳатто чопиқда ҳам шижоати унча-мунча деҳқонникидан қолишмайди. 5 сотих ерга экилган картошка, 3 сотихда помидор, бодринг, булғор қалампири ва резаворлар яшиллик намоён қилган. Қолган 2 сотих томорқада эса 10 та қорамол парвариши авжида. Мана, андижонлик партия фидойиларининг шижоати!

Ёзганларимиз аслида хамир учидан патир. холос. Бугун карантин муносабати билан маълум муддатга масофадан ишлаш тизимига ўтган ҳамкасбларимиз ҳам оилада, ҳам томорқада, ҳам иш фаолиятида ўз фидойиликларни намоён этмоқдалар. Очилмаган қирраларнинг кашф этилаётгани айрим уйда қолиб “зерикаётган” юртдошларимизга намуна бўлса не ажаб...

Ҳожимуҳаммад Хасанхонов,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

Бизнес тузилмалари ва фермерлар билан

ишлаш бўлими мудири.