Жамият

«Автотест» энди Андижонда


27.01.2018   1235

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Инновацион ўқитиш услубларини жорий этиш йўли билан ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 2017 йил 4 сентябрдаги 693-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Андижон шаҳрида «Автотест Андижон» маъсулияти чекланган жамиятининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар иштирок этдилар. Йиғилганлар жамият томонидан ҳукуматимиз қарори ижросини таъминлашга қаратилган ишлар билан танишдилар.

Вилоятимизда ўз фаолиятини бошлаётган «Автотест Андижон» маъсулияти чекланган жамияти замонавий ўқув қўлланмалар, компьютер ҳамда техника воситалари билан тўлиқ таъминланган.

Ушбу инновацион таълим муассасида ҳайдовчилар малака ошириш курсларида замонавий таълим стандартларидан фойдаланишади. Унга кўра, бир ҳафта давомида ҳайдовчилар ўз малакасини ошириш имконига эга бўлади. Ўқитишнинг ўзига хос услуби ўйин дебатлари, баҳс-мунозаралар, интерактив жамоавий ўйинларни ўз ичига олади. Автомактаб фаолиятининг муҳим таркибий қисмига айланган сифат назорати тизими машғулотларга қатнашиш, дарслардаги фаоллик, ўқитувчилар фаолияти сифати ва уй вазифаларининг бажарилишига оид маълумотларни қамраб олади.

-Бугунги кунда вилоятимиз миқёсида автотранспорт воситалари кун сайин кўпайиб бормоқда, – дейди «Автотест Андижон» директори Ж. Эгамназаров. – Бу эса йўл ҳаракати иштирокчилари, айниқса, хайдовчиларда юксак профессионал тайёргарлик, билим ва малака бўлишни тақозо этади. Шу билан бирга, кейинги йилларда рўй бераётган йўл – транспорт ходисалари таҳлили ҳамда йўл ҳаракати қоидаларига киритилган ўзгаришлар доимий равишда хайдовчилар малакасини ошириб боришга эҳтиёж туғдиради. Шу мақсадда Вазирлар Махкамаси қарорида 2018 йил 1 январдан бошлаб юридик шахсларга тегишли бўлган автотранспорт воситалари хайдовчилари икки йилда 1 марта мажбурий равишда малака ошириши лозимлиги белгиланди. Бизнинг ўқув мажмуамиз ҳам ушбу вазифани бажариш мақсадида ташкил этилди.

Жамиятнинг мақсади – ўзинининг юқори малакали мутахассислари ва уларнинг чуқур билим ва кўникмалари, ақл-заковати ёрдамида юртимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида йўл ҳаракати иштирокчиларининг маданиятини юксалтириш, уларни тизимли равишда малакасини ошириб боришни таъминлашдан иборат.

«auz.uz» online гуруҳи.