«102» хабарлари

АВТОМОБИЛЬ ҲАЙДОВЧИСИ НЕГА ҚАМАЛДИ?


18.09.2018   214

Шаҳрихон туман маъмурий судининг 13 сентябрь кунги қарорига асосан маст ҳолатда автомашина бошқараётган фуқарога нисбатан ўн икки сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

(фотолар вилоят ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизматидан олинди)

Шаҳрихон туман ИИБ ЙҲХБ биносида ўтган очиқ сайёр суд мажлисида Тегирмонбоши маҳалласида истиқомат қилувчи Абдуллаев Воҳиджон Абдулазизовичга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Қонуни 131-моддаси 2-қисми билан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ҳужжатлар кўриб чиқилди.

Унга кўра, йўл Патруль хизмати ходимлари томонидан 2018 йилнинг 2 сентябрь куни соат 21.30 да фуқаро В. Абдуллаев давлат рақами 60 А 712 JA бўлган М412 ИЭ русумли автомашинани, бошқариш ҳуқуқи бўлмасдан маст ҳолатда миниб юргани аниқланган.

Суд мажлисида судланувчи В. Абдуллаев Шаҳрихон тумани маъмурий судининг 2018 йил 7 июндаги қарорига кўра МЖтҚнинг 131-моддаси 1-қисми билан 1 йил 6 ойга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинганлиги ҳам аниқ бўлди. Шунга асосланиб С. Расулов раислигидаги суд мажлисида унга 13 сентябрь куни соат 12.30 дан бошлаб, ўн икки сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Маълумот учун:

МЖтҚнинг 131-моддасига кўра, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши — транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса — энг кам иш ҳақининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.