ЖАМИЯТ

АВТОҲАЛОКАТ СОДИР ЭТИГАН, БИР КИШИНИНГ ЎЛИМИГА САБАБЧИ БЎЛГАН ЎҚИТУВЧИГА СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ


01.03.2019   5855

Жиноят ишлари бўйича Андижон туман судида ўтказилган очиқ суд мажлисида ўзи бошқариб келаётган транспорт воситасида бахтсиз ҳодиса туфайли 25 ёшли йигитни уриб юборган мактаб ўқитувчи Н. М.га суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда вилоят суди судья катта ёрдамчиси Комроншоҳ Расулов.

Жиноят ишлари бўйича туман суди судьяси Акмалжон Кенжабоевнинг маълум қилишича, судланувчи Н. М. 2018 йилнинг 15 ноябрь куни соат 7:50 ларда ўзига тегишли бўлган “Матиз” русумли транспорт воситасини Шохизинда кўчасидан ўтган “Андижон-Боғишамол” йўлининг “Андижон” йўналиши бўйлаб бошқариб кетаётиб, “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 77-бандида кўрсатилган қоидаларни қўпол равишда бузган. Шунингдек, бошқариш чоғида эҳтиётсизлик ва бепарволикка йўл қўйиб, қатнов йўлида тезликни тўла тўхташни таъминлайдиган даражада камайтириши шарт бўлсада қоидага амал қилмаган. Натижада бошқарувни йўқотиб, йўлнинг бўйида турган пиёда А.Ғанижоновни уриб юбор юборган. Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, жабрланувчи оғир тан жароҳати етказилиши натижасида воқеа жойида вафот этгани аниқланган.

- Машинани бошқариб кетаётганимда қарама-қариши томондан оқ рангли автомашина йўлимга ўтиб олди, - дейди судланувчи. – Шу сабабли ундан олиб қочиш мақсадида рульни ўнг томонга буриб, тормозни босдим. Йўл нотекис эди. Натижада бошқарувни йўқотиб қўйдим. Машина йўл четига сидирилиб кетди. Шу пайтда у ерда бир бола турганига кўзим тушди. Уни туртиб юборганлигимни сездим. Шокка тушиб, ўзимни йўқотиб қўйдим. А.Ғанижоновни уриб юборганимни у воқеа жойида вафот этганини кейин эшитдим. Содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонман.

Суд ҳукмига кўра Н. М. ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан икки йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, сутканинг кеч соат 22:00 дан эрталаб соат 6:00 га қадар бўлган вақтида Андижон тумани, “Қурама” МФЙ, Серфайз кўчасида жойлашган яшаш хонадонидан чиқишини чеклаган ҳолда 6 (олти) ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Маълумот учун, “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 77-бандида “Ҳайдовчи ҳаракатнинг серқатновлигини, транспорт воситаси ва юкнинг хусусияти ҳамда ҳолатини, йўл ва об-ҳаво шароитини, шунингдек ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳисобга олган ҳолда транспорт воситаси тезлигини белгилангандан оширмасдан бошқариши, транспорт воситасининг тезлиги ҳайдовчига қоидалар талабларини бажариш учун унинг ҳаракатини доимо назорат қилиб бориш имкониятини бериши, ҳаракатланишда ҳайдовчи аниқлай олиши имкониятида бўлган хавф ёки тўсиқ пайдо бўлса, у транспорт воситасининг тезлигини тўла тўхташини таъминлайдиган даражада камайтириш ёки тўсиқни бошқа ҳаракат қатнашчилари учун хавфсиз айланиб ўтиш чораларини кўриши керак” деб кўрсатилган.