Жамият

АСРНИНГ УЧИНЧИ КАТТА ЗАРБАСИ ЁХУД КОРОНАВИРУСДАН КЕЙИН ДУНЁ ҚАНДАЙ МУАММОЛАРГА ДУЧ КЕЛИШИ МУМКИН?


31.03.2020   1295

Коронавирус ва унинг оқибатлари, ушбу оқибатларни бартараф этиш йўллари ва ҳатто бу ҳақда ўйлаш ҳам ҳозир бутун дунёни тўхтатиб қўйди.

Бу дунё иқтисодига катта хавф туғдирадиган тўхташ бўлди. Деглобализация жараёнини коронавирус бошлаган бўлмаса-да, назаримда, у ушбу жараённи тезлатиб юбораётгандай. COVID-19нинг тарқалиши, асосан турли минтақалардаги инсонлар ўртасидаги алоқалар осонлиги, давлатдан давлатга кўчиб юришнинг жуда енгиллигининг таъсиридир, бу гипер алоқалар вирус тарқаш жараённи сезиларли даражада тезлаштирди ҳамда ҳозир ва келажакка чуқур таъсир кўрсатди. Ушбу вирусга қарши кураш, одамларни бир-биридан ажратишни ўз ичига олади, яъни биз сўнгги ўн йилликларда ва ундан олдин ҳам бошдан кечирган нарсаларнинг мутлақ акси. Жуда кўп мамлакатларда қуруқлик, денгиз ва ҳаво чегаралари ёпилмоқда. Ҳатто либерал сиёсий тузим устига қурилган давлатларда ҳам.

Манба: UzA.uz



АСРНИНГ УЧИНЧИ КАТТА ЗАРБАСИ

COVID-19 инқирози, 21-асрда инсониятни ўзгартириши мумкин бўлган 2001 йилги 11 сентябрь ҳужумлари ва 2008 йилда "Lehman Brothers"нинг қулаши билан бошланган иқтисодий инқирозлардан кейинги учинчи катта зарба бўлди. Аммо COVID-19 юқоридаги муаммоларнинг барчасига олиб келиши мумкинлиги билан ажралиб туради. Бу янги молиявий инқирозларга ҳам олиб келиши мумкин бўлган қўшимча хавфдир. Эҳтимол, ҳозир дунёда қўзғатилган турғунлик — бу вирусга қарши танланган курашнинг энг оқилона усулидир, яъни одамларни уйда сақлаш талаби. Аммо бунинг дунё ҳукуматларида пандемия оқибатларини енгиш учун воситалар камроқ бўлган бир пайтда юз бериши, келажакда жуда катта харажатларга олиб келади.

ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ МИЛЛИЙЛАШТИРИШ ДАВРИ

Борган сари 2008 йилдагига қараганда анча мураккаб бўлган ҳозирги қиймат занжирлари тўхтамоқда ёки секинлашмоқда. Масалан, ҳозирда асосий хом ашёсини Хитойдан оладиган, автомобиллар, бутловчи қисмлар ёки ўйинчоқлар ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқарадиган кўплаб фабрикалар, зарур компонентларнинг етишмаслиги туфайли ишлаб чиқаришни қисқартиришга ёки тўхтатишга мажбур бўлмоқдалар. Авиарейслар ва бошқа саёҳатлар сони кескин камаймоқда. Глобаллашувнинг асосларидан бири бўлган ихтиро-контейнер ташиш ҳам камайди. Жаҳон туризмига жуда жиддий зарба берилди ва тикланиш учун вақт керак бўлади. Пандемия биз инсонларнинг ўзаро боғлиқлигимизга зарба берди. Ўзгаришни талаб қиладиган овозлар ҳам бор. Масалан, Франция молия вазири Брюно Ле Мэр: “Биз Хитой каби катта кучларга қарамлигимизни камайтиришимиз керак”, деб таъкидлайди. Бу АҚШ савдо вазири Уилбур Росснинг ҳам бу масалага бўлган қарашларидан фарқ қилмайди. Кўпгина компаниялар ушбу ҳаддан ташқари “боғланиб қолиш” ортидан келиши мумкин бўлган хатарлардан хабардор ва бунга чек қўйишни ўйламоқдалар. Яқинда Америка Банки ўтказган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, трансмиллий корпорацияларнинг 80 фоизи ўзларининг маҳсулотларининг бир қисмини бошқа мамлакатлардан ўз давлатларига қайтариш режаларини таҳлил қилишган.

Буларнинг барчаси Трамп маъмурияти томонидан қўллаб-қувватланган, Қўшма Штатлар ва Хитой ўртасидаги технологик муаммоларни ечиш жараёни олдида содир бўлмоқда. Вирусни деворлар эмас жамоат орасидаги масофа тўхтатмоқда, шу нуқтаи назардан ушбу ишлаб чиқаришларни миллийлаштиришга ёки ҳеч бўлмаганда минтақалаштиришга олиб келади. Дори-дармонларни етказиб бериш нуқтаи назаридан ҳам, бу инқироз, масалан, Европанинг Хитой ёки Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган дори-дармонларга қарамлигини кўрсатмоқда. Чехия соғлиқни сақлаш вазири Адам Войтехнинг айтишича, дориларнинг учдан бир қисми ушбу мамлакатлардан келиши, европаликлар бу борада уларга қарам бўлиб қолаётганини ва таъминотни кафолатлаш учун уларнинг ишлаб чиқарилишини Европага олиб келиш кераклигини таъкидлагани, юқоридаги фикрларнинг исботини бермоқда. Бунга жавобан, Хитой, ўз мамлакатида пандемия назорат остига олиниши биланоқ, Италия ва Испанияга оммавий дори-дармонлар етказиб бермоқда, Трамп эса Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг огоҳлантиришларига зид равишда Европа ва АҚШ ўртасидаги авиарейсларни бир томонлама тартибда тўхтатди.. Бу эса ўз навбатида трансатлантик муносабатларга янада кўпроқ зарар етказади.

КОРОНАВИРУС - РАҚАМЛИ ГЛОБАЛЛАШУВ САБАБЧИСИ

Аммо, агар COVID-19 ва уни бошқариш усули жисмоний глобаллашувни секинлаштирса, демак, бу онлайн кўринишда бўлган рақамли шаклдаги глобаллашувга олиб келади. Ҳозирги кунда масофадан туриб ишлаш ҳамда интернет хизматлари жуда катта ютуқларга эришмоқда. Аммо уларнинг ҳам жуда кўп тармоқлари, айниқса, вазифаларни бажариш, жисмоний аралашувга асосланган. Масалан, етказиб бериш ва таъминот тармоқларида, хоҳ юк машиналарида ёки велосипедда бўлсин, кўпроқ одамлар ишлайди. Аммо, Хитой ушбу инқироз даврида дронлар ва бошқа автоном тизимлардан фойдаланишда катта ютуқларга эришди. Шунингдек, сунъий интеллект ёрдамида касалликларни аниқлаш бўйича рақамли хизматлар ёки барча турдаги хизматлар учун роботлар таклиф қилишда ҳам илғор бўлди.

ИНДУКТИВ БОШҚАРУВ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таклиф қилган кўп тавсияларни бажариш учун кўплаб давлатлар ушбу инқироз пайтида индуктив бошқарувга қайтишни маъқул кўрди. Бу инқироз йўқ бўлган пайтларда гарчи кўп даражали бошқарув зарур бўлса-да, биз нафақат халқаро ташкилотлар ва ўз ҳукуматимиз, балки корхоналар ва фуқароларни ҳам қамраб оладиган индуктив назоратга қайтдик. Бу давр индивидуал раҳбарликни талаб қиладиган вақтдир.

КОРОНАВИРУС - ПОПУЛИЗМ ИЛҲОМЧИСИ

Африкада 2014-2016 йилларда бошланган Эбола эпидемияси пайтидаги унга қарши курашга Барак Обама бошчилигидаги Америка Қўшма Штатлари етакчилик қилди. Дунё сиёсатида популизмнинг кучайиши ҳам ушбу пандемиянинг асоратларидан бири бўлди. Борис Жонсон ва унинг маслаҳатчилари, коронавирусга қарши чора кўрмасликни, қанча кўп одам касалланиб даволанса уларда бу вирусга қарши иммунитет кучаяди деган фаразларни ҳимоя қиладилар. Кўплаб фуқаролар ва мутахассислар бунга қарши исён кўтаришди ва уни ҳимояланишга қайтишга мажбур қилишди. Охир оқибат Борис Жонсоннинг ўзи ҳам ҳозирда бу касалликни юқтириб олиб даволанмоқда. Бу вирус дунё сиёсатчилари ичида популизмнинг чегараларини ҳам кўрсатиб берди. Шу нуқтаи назардан, мен ҳозирда пандемияга қарши курашда Ўзбекистон ҳукумати қўллаётган оммавий карантин усулини тўлиқ қўллаб- қувватлайман.

Ушбу пандемияни енгиб чиққанимиздан сўнг глобаллашув биз билганимиздан фарқли равишда изчил ўсишдан тўхтайди ёки секинлашади. Дунёдаги турғунликнинг узоқ давом этиши эса ҳар доим ҳам ижобий оқибатларга олиб келмаслиги мумкин. Кўриб турганингиздек, ҳозирда бутун дунёдаги мавжуд бўлган муаммоларга гўё коронавирус сабабчи, аммо аслида бу муаммоларни усиз пайқамаган бўлар эдик.

Нурбек АЛИМОВ,

Халқаро муносабатлар бўйича эксперт

"The Globalist" журнали материалларидан фойдаланилди.

Манба: UzA.uz