ЖАМИЯТ

АСРИЙ ОРЗУ ВА МАҚСАДЛАР РЎЁБИ


13.04.2020   3952

Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро ҳамжамият ўртасида обрўси ортди. Ўз вақтида қабул қилинган “Давлат тили тўғрисида”ги қонун ўзбек тилининг бор назокати ва жозибасини илмий асосда ривожлантириш борасидаги кенг имкониятларни яратиб берган бўлса, муҳтарам Президентимиз томонидан 2020 йил 10 апрелда имзоланган“Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун халқимизнинг тарихий орзуси ва бугунги эришган муваффақиятларининг ёрқин ифодаси бўлди десак асло муболаға бўлмайди.

Маданият ва маърифатнинг, умуман, башарият тараққиётининг қадимий бешикларидан бўлмиш юртимизда азалдан сўзга ҳурмат, тил синоатларига эҳтиром кўрсатиб келинган. Сабаби одам тушунчасининг замирида “Тил” деган мислсиз неъмат мавжудки, айнан забон инсон қиёфасини, борлиғини белгилайди. Улуғ аждодларимизнинг тенгсиз заковати билан яратилган ақлий ва бадиий дурдоналар нафақат биз, авлодларнинг, балки бутун дунё аҳлининг маънавий чироғига машъала тутиб келади.

Дарҳақиқат, тил - миллат кўзгуси. Инсон у орқали нафақат мулоқот қилади, балки ўзлиги намоён бўлади. Ҳатто уни давлат рамзлари қаторига қўшиш мумкин. Зеро давлат байроғи, герби, мадҳияси каби тил ҳам миллий ўзликни англата оладиган муҳим белги ҳисобланади.

Қадим тарих, бой маънавият, одоб-аҳлоқ меъёрлари айнан халқнинг келажак авлодларига Она тили орқали етказилади.

Ўзбекистон мустақил давлатчилигида ўзбек тилининг нуфузини ошириш ҳаракати истиқлол сари қўйилган илк қадам, дея эътироф этилади. Унга қадар 70 йилдан ортиқ давр давомида ўзлигини унитиш, ўзга тилда сўзлашиш ва шу аснода ўз тили туркум тузилишларини бузиб ишлатишгача олиб бориш, ўзига ўхшамаган урф-одатлар, анъаналар, ҳатто фикрлаш тарзини ҳам сингдиришга, бошқача қилиб айтганда бегонашувга хизмат қилиб келди. Бежизга Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф куюниб ёзмаган эди:

Гарчи зуғум қилганларни ёқтирмадим,

Шеър ёздиму бўлак ишни қотирмадим.

Тилим туриб ўз тилимда гапирмадим,

Бир эсласам эзилади бағри-дилим,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

Миллат қайғуси ортда қолди. Миллат ўз қаддини баланд тутди. Миллий тикланиб, миллий юксалди.

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши миллий давлатчилигимиздаги ана шундай хурсандчилик кайфиятини ўзида мужассам этган.

Ушбу ҳужжат Президентимиз томонидан айнан атоқли адибимиз Абдулла Қодирий таваллуд кунида имзоланганида ҳам рамзий маъно бор. Қатағон қурбони Абдулла Қодирий ўзбек романчилигига асос солган. Миллатимиз номи билан янграётган давлат тилига Юртбошимиз бошчилигида кўрсатилаётган катта эътибор йилдан-йилга ўз мевасини бермоқда.

Адабиётшунос олим, моҳир таржимон Иброҳим Ғафуров фикрига кўра “Ҳар бир миллий тил жуда кўплаб катта-кичик тилларнинг қуршовида яшайди. Масалан, ўзбек тилининг жўғрофий маконлари атрофида ҳинд, рус, форс, араб ва европа тиллари фаол ҳаракатда эканини кўрамиз. Ўзбек миллий тили ­дунёдаги ана шу тиллар билан бевосита алоқада, улар билан ҳамкорликда яшайди. Бу ранг-баранг тиллар доимий равишда бир-бирини бойитиб, ифода усулларини кенгайтириб, қабул қилиб, энг мураккаб илмий фикрларни ҳам мантиқан тушунарли қилиб борадилар. Шу жараён миллий тиллар тараққиёти учун қанчалар кенг йўл очса, уларнинг тараққиётига ижтимоий тарзда таъсир кўрсатса, шу билан бирга миллий тиллар учун хавфли ва хавотирли салбий ҳолатларни ҳам майдонга чиқаради. Бунда, айниқса, кичик­роқ тилларнинг ер юзи миқёсидаги жараёнларга тинимсиз таъсир кўрсатаётган катта халқларнинг тили таъсирига тушиб қолиши кузатилади. Энг хавотирлиси миллий тиллар ўзининг мулоқот, муомала майдонларини бўшатиб беришга мажбур бўлиб қолиши мумкин.”

Дарҳақиқат, тил бу жамият тамаддуни ривожининг буюк истиқболи, порлоқ келажаги ва ёрқин хотираларини тарихга муҳрловчи асосий кучдир. Тилнинг тарихи - бу бутун бир миллатнинг, халқнинг ҳам тарихи.

Қачонки миллат болалари она тилида гапиришни, ўқишни ва шу билан бирга онгли равишда англашни давом эттириб, ўз тилида сўзлашишда ўзига хос устунлик, фахр ва ифтихор кўрар экан – бахтли бўлиш мезони ортиб, мустаҳкам ишонч ошиб, провард мақсад сари шаҳдам қадам билан ўзбек тили ривожланиб бораверади. Халқаро миқёсда унинг обрў-эътибори янада ошади ҳамда юксак минбарларда янграйди. Халқимизнинг асрий орзу ва мақсадлари рўёбга чиқаверади.

Хуршидбек Каримов,

Андижон вилояти ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси.