Жамият

АСОСИЙ МАҚСАД - МАВСУМНИ БЕТАЛОФАТ ЎТКАЗИШ (+ВИДЕО)


04.10.2019   144

Андижон вилояти Пахтаобод туманида жорий йилнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати, газ таъминотидаги муаммолар ва ўзгаришлар юзасидан текшириш ўтказилди.

Пахтаобод туманида бугунги кунда 168,5 км га яқин турли босимдаги газ қувурлари орқали 10611 та аҳоли хонадонлари ва 87 та улгуржи истеъмолчилар табиий газ ҳамда 26991 та хонадон эса суюлтирилган газ билан таъминланмоқда. Аҳолида жами 40359 та маиший газ баллонлари мавжуд бўлиб, улардан 31325 таси газ таъминоти корхонаси ҳисобидан тарқатилган. Аҳолига шу кунгача 2470 тоннадан зиёд суюқ газ етказилиб берилди. Тумандаги газ таъминоти учун 6 та техника хизмат кўрсатмоқда. “Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқарув раисининг вилоятга ташрифидан сўнг тумандаги аҳолини суюқ газ билан таъминлашда қулайлик яратиш мақсадида янги “айланма” усули учун яна қўшимча равишда 600 та маиший газ баллонлари ажратилди.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ Пахтаобод туман филиали ходимлари куз-қишга тайёргарлик ишларини кучайтиришган. Бугун олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар иситиш мавсумида газ таъминотини яхшилашга, аҳолининг куз-қиш мавсумидан беталофот чиқиб олишини таъминлашга қаратилган. Айни дамда, ҳудудий газ таъминоти корхонаси ходимлари аҳоли орасида энергия тежамкор ва хавфсиз газ ускуналари тарғиботи, йўл бўйларидаги газ қувурларини текшириш, жойлашуви бўйича тартибга кетириш, бўёқлаш, газ қувурларини босим остида синаш, тозалаш ва зарур деб ҳисобланган ҳудудларда ер остига ўтказиш ишларини олиб боришмоқда.

“Мавсумни беталофат ўтказиш асосий мақсадимиз. Тумандаги мавжуд 194 та газ тақсимлаш қурилмаларининг барчаси техник кўрикдан ўтказилди. 6 та қурилмамиз мукаммал таъмирдан чиқарилди. 3 км масофадаги қувурлар бўёқланди, 10 494 та хонадонлардаги газ асбоблари техник қаров ва жорий созлаш билан қайта текширилди. Тўпажувоз МФЙ ўрамидаги юқори босимли Д-100 мм ҳамда “Учкўза-Пахтаобод йўналишидаги Д-159 ммгаз қувурлари ҳаво босими остида синалди ва тозаланди”, — дейди жамиятнинг Пахтаобод туман филиали раҳбари Хайрулло Аҳмадалиев.

Жорий йилда туманда “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Боғигулистон, Тўпажувоз ҳамда Тўраобод МФЙлардаги жами 3.1 км газ тармоғи таъмирланди, 5 та газ тақсимлаш шохобчалари реконструкция қилинди. Дастур доирасида Боғигулистон маҳалласига 24 та, Тўраобод МФЙ ўрамидаги эҳтиёжманд оилаларга 15 та маиший газ баллонлари тарқатилди. 2019 йилда туманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги ПҚ-4028-сонли қарорига мувофиқ “Ислом Тараққиёт Банки” маблағлари ҳисобидан намунавий лойиҳа асосида 5 та кўп қаватли арзон уй-жойлар қуриб битказилди. 4 қаватли 24 хонадонли уйларни табиий газ билан таъминлаш ишлари ҳам соҳа ходимлари томонидан сифатли бажарилди. Боғигулистон, Юқори ҳамда Учкўза МФЙларида барпо этилган уйларга газ қувурлари тортилди ва хонадонларда табиий газ ёна бошлади.

Хулоса ўрнида, бугунга келиб, “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ Пахтаобод туман филиали томонидан 2019/2020 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, уни беталафот ўтказиш бўйича барча тайёргарлик ишлари режага мувофиқ ўз якунига етказилмоқда.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ Матбуот хизмати