Андижон 24

Асл шоирлар мангу яшайди


26.04.2018   1959

Андижонда Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 64 йиллиги катта тантана қилинди.

... Марҳамат тумани, Қовунчи қишлоғи. Соат 6.00. Туни билан ёққан кучли ёмғир ташкилотчиларни бироз ташвишга солган эди. Аммо тонг ёришгач, барча хавотирлар барҳам топди. Осмон Муҳаммад аканинг қалбидек тиниқ, хаво мусафо. Чуқур нафас олиб тўймайсиз, қалблардаги ғубор тарқайди. Бунда ҳам рамзий маъно бордек. Шоир куйга солган қизғалдоқлар, майсалар барқ урмоқда. Хизрариқ ҳамон тўлиб-тошган.

Дастлаб Муҳаммад Юсуф номидаги 25-умумтаълим мактабида дастурхон ёзилиб, элга ош тортилди. Оқсоқоллар, узоқ-яқиндан ташриф буюрган меҳмонлар, адабиёт шайдолари гурунг қилишмоқда. Дилдан қурилган суҳбат шоирни ёдга олишдан бошланиб, юрт тинчлиги, эл фаровонлиги, ижодкорларга берилаётган эътибор мавзусига кўчди.

Бу ҳақда гапирганда, Тошкент шаҳрида Адиблар хиёбони бунёд этилаётгани, у ерда адабиётимизнинг буюк намояндаларига бағишлаб ёдгорлик мажмуалари ўрнатилаётгани, шунингдек, Наманган вилоятида улкан маърифатпарвар Ибрат домла, Жиззах шаҳрида атоқли ижодкорлар Ҳамид Олимжон, Зулфия ва Шароф Рашидов, Хоразм вилоятида оташнафас ҳофиз Комилжон Отаниёзов, Нукус шаҳрида Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Ибройим Юсупов, Фарғона, Қашқадарё ва Андижон вилоятларида Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф хотираларини абадийлаштириш ишлари олиб борилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Тадбирга шу вилоятлардан, пойтахтдан ҳамда қўшни Қирғизистондан меҳмонлар ташриф буюрганликларини ҳам алоҳида таъкидлаш зарур.

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари Хуршидабону, қашқадарёлик таниқли ижодкор, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси Норқул Бекмирзаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, пойтахтлик Умида Абдуазимова Муҳаммад Юсуф ҳақидаги хотиралари, унинг ижоди ва фаолиятига доир фикрлари билан ўртоқлашдилар. Қуръон тиловат қилиниб, шоир ҳаққига дуо ўқилди...

Унинг қабри зиёратига келганларнинг, бюсти пойига гулчамбарлар қўювчиларнинг охири кўринмайди. Муҳаммад аканинг дўстлари, касбдошлари, ихлосмандлари, ёру-биродарлари бисёр.

- Синф журналида 26 ўқувчи эдик, ҳозир 23 нафар қолганмиз, - дейди Одилжон ака Умаралиев. –Бизнинг даврда инженерлик, ўқитувчиликка қизиқиш катта бўлгани боис, аксариятимиз олий ўқув юрталрини тамомлаганмиз. Танилган кезларида ҳам Муаммаджон ўша-ўша содда, самимий эди. Эндиликда нафақадамиз. Мактабдошлар тез-тез учрашиб турамиз. Давраларда, албатта, Муҳаммаджонни эсга оламиз.

С. Холдаров,

Р. Эшонов,

«auz.uz» online гуруҳи.