ЖАМИЯТ

АСКУЭ ТИЗИМИ НИМА? УНИ ИСТЕЪМОЛЧИЛАР УЧУН АФЗАЛЛИКЛАРИ НИМАЛАРДАН ИБОРАТ


08.11.2019   7967

Бу электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизим ҳисоболанади.

Айни пайтгача вилоятимизнинг шаҳар ва туманларидазамонавий электр ҳисоблагичлар ўрнатилиб, истеъмолчиларнинг барчаси ушбу тизимга тўлиқ уланиши таъминланмоқда.

Ушбу замонавий ҳисоблагичларнингасосий қисми маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб берилмоқда. Бу ҳисоблагичлар аввалгиларидан20 дан зиёд функцияларни бажара олиши билан фарқланади.

Биринчидан, истемолчилар электр таъминоти корхонаси ёки банкларга бориб навбатда турмайдилар. Шунингдек электр ҳисоблагичларнинг кўрсаткичларини суратга олиб, Мажбурий ижро бюроси (МИБ)да ниманидир исботлашга мажбур бўлишмайди. “Ҳисоблагичингиз кўрсаткичини ёзиб олай”, деб ҳеч ким безовта ҳам қилмайди.

Иккинчидан, ҳисоблагич ўрнатилгач, тизимга уланади, код киритилиб, ҳисоб рақам очилади. Истеъмолчиларга SMS хабар орқали барча маълумотлар автоматик тарзда етказиб турилади. Мобиль телефон рақамига уланиши тўловни уйдан чиқмай “on-line” режимида амалга ошириш имконини беради. Энг муҳими, “шахсий кабинет”орқали ҳар бир истеъмолчи қанча электр энергияси сарфлаганини кузатиб туриш имконига эга бўлади.

Учинчидан, янги тизимда ҳисоблагичдаги маълумотларни компьютер назорат қилади. Электр таъминоти корхонаси ходимлари уйма-уй юришга кетадиган вақтини тармоқларнинг техник ҳолатини яхшилашга сарфлайди. Шунингдек, истеъмол қилинган энергия ҳақидаги маълумотларни йиғишда инсон омили таъсири камаяди.

Маълумки, электр энергиясини омборга жойлаб, захира қилиб бўлмайди. Шу боис одатда ҳар бир ҳудуд учун электр сарфи тахминий ҳисобланиб, “лимит” ажратилар эди. Янги тизимда эса барча маълумотлар аниқ кўриниб туриши боис таъминотда чеклов бўлмайди.

Ушбу «Ақлли» тизимнинг яна бир хусусияти шундаки, маълумотларни сохталаштиришга уриниш, яъни ҳисоблагичга таъсир ўтказиш ҳолатлари юзага келса дарҳол ўчади ва тизимга хабар жўнатади. Шунингдек, энергия тўлови тўланмаган тақдирда масофадан ўчиш хусусиятига ҳам эга. Энг асосийси замонавий ҳисоблагичлар электр таъминоти корхонаси томонидан 10 йилда бир маротаба қиёсловдан ўтказилади.

Бугунги кунда ушбу замонавий электр ҳисоблагичлар истеъмолчиларга “Андижон худудий электр тармоқлари” АЖ томонидан бепул ўрнатиб берилмоқда.

«Андижон ХЭТК»АЖматбуот хизмати.