ЖАМИЯТ

АСАЛАРИЧИЛАРНИНГ ШАХСИЙ АВТОМОБИЛДА ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИДАГИ КАРАНТИН ПОСТЛАРИДАН ЎТИШИГА РУХСАТ БЕРИЛДИ


21.04.2020   680

Тошкент вилояти асаларичилари ассоциациясининг аъзоларига шаҳарга кириш ва чиқишда карантин постларидан ўтиш вақтида кўрсатиш учун алоҳида йўналиш варақалари берилди. Бу ҳақда «Gazeta.uz» ассоциация раиси Бахтиёр Ҳакимовга таяниб хабар берди.

Аввалроқ шахсий транспортда ҳаракатланиши учун стикер йўқлиги Тошкент шаҳрида яшовчи асаларичилар шаҳар ташқарисида жойлашган асалари уяларида ишлай олмаётгани ва шу сабабли ҳукуматдан бу борада ёрдам сўрагани, акс ҳолда асаларилар нобуд бўлиши ёки учиб кетиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди. Асаларичиларнинг айтишича, асалариларнинг дарахтлар ва экинларни чанглантириши ҳосилдорликнинг 50 фоизгача ошишига хизмат қилади.

20 апрель, душанба куни, Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати муаммонинг бартараф этилганини хабар қилган. Унга кўра, 100 дан ортиқ асаларичилар карантин постларидан ўтиш ҳуқуқини берадиган тегишли йўналиш варақалари билан таъминланган.

«Тошкент вилояти ИИББ ходимлари биз билан мулоқот қилишди ва бу борада ёрдам кўрсатилишини айтишди. Рўйхат тузилди. Ассоциацияда рўйхатдан ўтган ҳар бир асаларичига йўналиш варақасини тузиб чиқдик. Шу куни оқшомда режа бўйича ишлар бошланди. Постларда тўхтатилган асаларичилардан тегишли ҳужжатлар сўралди ва улар рўйхат асосида ўз манзилига ўтказиб юборилди», — дейди ассоциация вакили Анатолий Бондаренко.

Ташкилот раҳбари Бахтиёр Ҳакимов постда тўхтатилган асаларичи ўз гувоҳномаси, машинанинг ҳужжатлари, шахсни тасдиқловчи ҳужжат ва маршрут қоғозини кўрсатиши лозимлигини билдирган.

Тошкент вилояти ИИББ қошида рухсатномаларсиз постлардан ўтишига рухсат этилган транспорт воситаларининг ҳаракатига масъул тезкор штаб ташкил қилинган. Штаб кунига 24 соат давомида фаолият олиб бормоқда ва муаммоли масалалар, таклифлар ва мурожаатларни (95) 475-75-41 телефон рақами орқали қолдириш мумкин, дейилади хабарда.

Манба: daryo.uz