Иқтисодиёт

Асал жаҳонга чиқади


08.11.2017   336

Мамлакатимизда асаларичилик соҳасини ривожлантириш, асал маҳсулотларини етиштиришга бўлган эътибор ва талаб йил сайин ортиб бормоқда. Айниқса, экологик тоза неъмат ишлаб чиқаришга эҳтиёж юқори. Ҳар йили соҳага оид давлат дастурларининг қабул қилиниши тармоқни ривожлантиришда асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Бу борадаги ишларнинг изчил давоми сифатида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган "Республикада 2017 йилда асаларичилик соҳасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар Дастури"да белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан вилоятимизда ҳам ибратли ишлар амалга оширилмоқда.

Асака туманининг Найман маҳалласида барпо этилиб, фойдаланишга топширилган "Олтин асал агро" масъулияти чекланган жамиятининг табиий асал қадоқлаш цехи соҳадаги ижобий қадамлардан бири бўлди. Қарийб 900 миллион сўм маблағ ҳисобига қурилиб, илғор технологик ускуналар билан жиҳозланган корхонада 10 дан зиёд иш ўринлари яратилиши назарда тутилган.

Шуниси эътиборлики, тадбиркорларимиз ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантириш учун ўз сармояларини дадил киритмоқдалар. "Алоқабанк" Андижон филиалидан 380 миллион сўм кредит олинган бўлса, лойиҳанинг қолган қисми тадбиркорнинг ўз маблағлари эвазига молиялаштирилди.

– Чекка қишлоғимизда мана шундай кичик корхонанинг қад ростлаб, биз каби аёл-қизларнинг иш билан таъминланиши учун имконият яратилаётганлигидан мамнунмиз, – дейди ишчи Ферузахон Жўраева. – Қадоқланаётган табиий асал сифат жиҳатидан, қолаверса, ташқи кўриниши билан хорижникидан кам эмас.

Корхона йил мобайнида бир ярим минг тонна асални қадоқлаш қувватига эга бўлиб, келгусида янада кенгайтирилиб, асал етиштирувчиларнинг маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқиш режалаштирилган.

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ.

Хурсандбек Араббоев олган сурат.