ЖАМИЯТ

АСАКАНИ ДУНЁГА ТАНИТГАН ЛОЙИҲА


19.07.2020   2982

Бугун Асака шаҳрида ташкил этилган илк автомобиль заводи - «ЎзДЭУавто» қўшма корхонаси ишга туширилган кун.

Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов истиқлолнинг дастлабки йилида - 1992 йилнинг июлида Жанубий Кореяга қилган ташрифи давомида шу таклиф билан чиққан эди. Орадан бир ой ўтиб қўшма корхонани таъсис этиш бўйича ҳужжат имзоланди.

Улкан қурилишга бутун мамлакат ҳисса қўшди. Унинг барпо этилиши нафақат ўзимизнинг газета ва телевидениелар диққат марказида турди, балки МДҲ ва халқаро экспертлар нигоҳида бўлди. Ниҳоят, режалаштирилганидан аввал корхона барпо қилинди.

1996 йилнинг мартида илк автомашина - “Дамас” ишлаб чиқарилди. 19 июлда эса “Тико” ва “Нексия” линиялари ишга туширилди.

Иқтисодий кўрсаткичлар таҳлилини тегишли соҳа мутасаддиларига қолдирамиз. Лойиҳанинг ижтимоий-сиёсий жиҳатларини ёдга олайлик.

Энг қолоқ республикалардан бири ҳисобланган Ўзбекистонда бундай корхонани қуришга лаёқат йўқ, кетмон кўтаришдан бошқага ярамайдиган ўзбекларнинг замонавий машиналар ишлаб чиқаришга қурби етмайди, деган иддаолар айтилар эди. Бу гап-сўзларга барҳам берилди.

Энг асосийси ёшларимизда ўзига бўлган ишонч, илмга интилиш, илғор соҳани пухта эгаллаш иштиёқи пайдо бўлди. Автомобилсозлик каби етакчи тармоқда яратилган битта иш ўрни саккизта турдош соҳада юксалишга туртки берди. Шаффоф танлов асосида, ҳеч қандай протекциясиз ишга қабул қилинган минглаб андижонлик оддий йигитларимиз корхона қурилишидан тортиб, янги моделларни ўзлаштиришга ҳисса қўшдилар. Хорижлик мутахассислар билан тиллашиш, четда малака ошириш, рационализаторлик таклифларини бериш оддий ишга айланди.

Буни қисқа қилиб ватан тақдирига даҳлдорлик, масъулият ҳисси, дейиш мумкин. Ҳуллас, бугун республика миқёсида амалга оширилган, эртанги кунга ишончни мустаҳкамлаган йирик лойиҳа ишга туширилган кун. Бунда иштирок этган, ҳозирда корхонани замон талабларига мос равишда диверсификация қилаётган, импортни маҳаллийлаштираётган ҳамюртларимизни сана билан қутлаймиз.

«auz.uz» online гуруҳи.