Андижон 24

Асака тумани: ҲОКИМЛИКНИНГ НЕЧТА ЮЗИ БОР?


25.09.2019   4515

«Ёшлар – келажагимиз» давлат дастуридан хабарингиз бўлса керак? Бу ҳақда Президентимизнинг 2018 йил 27 июнь куни қабул қилган каттагина фармони бор. Кунда-кунора эшитяпмиз — дастур доирасида иқтидорли йигит-қизларнинг истиқболли ғоя ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун айни кунга қадар озмунча ишга қўл урилмади. Фармоннинг мағзи-моҳиятини деҳқонча тушунтирсак, давлат идоралари ва ташкилотларига шундай вазифа қўйилган: «Тадбиркорлик қиламан дедими, салоҳияти етадими, йўлини тўсма! Лойиҳаси учун ер, бино ёки кредит зарур бўлса, ортиқча югуртирмай, кўмак бер! Токи муаммоларга дуч келиб, ёшларнинг шашти қайтмасин!»

Дастур имкониятларидан фойдаланишга аҳд қилган асакалик ҳунарманд Ҳаётбек Абдухалилов шу кунларда яхшигина тўсиққа дуч келиб турибдики, муаммо юзага келишига сабабчи бўлган давлат ташкилотларининг ўзи ҳам унга ечим тополмай ҳалак.

Ҳаётбекнинг гулдек ҳунари бор. Хонадонида акфа эшик-ромлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Тенг-тўшларини ёнига олиб, қулочни кенгроқ ёзай деса, ҳовлидаги шароит кўтармайди. Хуллас, туман ҳокими Эркинжон Яқубовнинг ҳузурига борди: «Қўлимда ҳунарим бор, цех қуриб, иш ўрни яратмоқчиман. Менга яқин атрофдан ер керак!»

Ҳоким мутасаддиларга топшириқ берган бўлса керакки, вилоят «Ермулккадастр» давлат корхонасининг Асака тумани филиали бошлиғи Шокир Алимқулов ўзи бош туриб захира ер излашга киришди. Туманнинг Янгиобод маҳалласи ҳудудида карьер билан чегарадош майдонни бўлажак тадбиркорга кўрсатди: «Шу жой маъқулми, ука?»

(ТАДБИРКОРГА КЎРСАТИЛГАН ЖОЙ).

Бўлмаса-чи?!

Алқисса, 2018 йил 19 октябрь куни Ҳаётбек Абдухалиловга акфа эшик-ромлари ишлаб чиқариш цехи бино-иншоотларини лойиҳалаш ва қуриш учун ер майдони танлаб, ажратиш тўғрисида туман ҳокимининг қарори қабул қилинди. Муроди ҳосил бўлган йигит маълум муддат лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш ҳамда қурилишга тайёргарлик билан банд бўлди. Ҳисоб-китоб, чўт-у чама қилиб, усталар билан келишиб, уларга жойни кўрсатиш учун келсаки... унга бириктирилган бўш ер ўрнида яп-янги иморат қад ростлаяпти?! Усталар «Адашиб бошқа кўчага кириб қолмадикми?» деб савол бергани сайин Ҳаётбек баттар хижолат тортади денг: «Йўғ-е, шу жой эди-я...»

Маълум бўлдики, айни жойга шу маҳаллада яшовчи Қимматхон Усмонова деган аёл уй-жой тиклаб, теварагини девор билан ўраб ҳам қўйибди. Ёш йигитнинг бундай вазиятда қўлидан нима ҳам келарди? Тағин ҳокимликка ва кадастр идорасига дарди ҳол қилиб борди. «Ажратилган майдон бошқа бировга тегишли эмасмиди?» деб қайта-қайта сўради.

Йўқ, майдон тўғри танланган экан.

Ноқонуний қурилмани буздириш учун ҳаракатлар бошланиб кетди. Қ.Усмоновага бир неча бор огоҳлантириш берилса-да, на бош архитектор, на кадастр идораси мутасаддилари, на ҳокимлик бунинг уддасидан чиқа олди.

Бу орада Ҳаётбек ва отаси Баҳодир Муҳаммедов ҳам амалий ёрдам сўраб бир қатор идораларга, жумладан, прокуратурага ҳамда туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлимига шикоят битишди.

Натижа? Э, сўраманг!

Айни масала юзасидан ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими бошлиғи М. Маматраҳимов прокуратурага «Ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни бузмаётган Қ. Усмоновага нисбатан қонуний чора кўрилишида амалий ёрдам сўраймиз» деган мазмунда хат йўллади. Бунга жавобан туман прокурори Ҳ. Ҳакимов шикоятни туман ҳокими ҳамда «Ермулккадастр» давлат корхонаси туман филиали раҳбари Ш. Алимқуловга йўналтириб, «ваколати доирасида қонуний ҳал этишни» сўради. Ажаб? Кадастр идораси муаммони ҳал этишга кучи етмай прокурордан ёрдам сўраяпти, прокурор эса масалани айни шу идорага копток тепгандек ошириб, «Ўзинг ҳал қил!» деяпти! Қойилмисиз?

Алқисса, муаммо дахлдор ташкилотларни бир сидра «айланиб» чиққач, Асака тумани ҳокимлиги тушуниб етдики, охирги чора – суд!

Туман ҳокимлигининг жавобгар Қимматхон Усмоновага нисбатан «ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни буздириш ҳақидаги» даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судида кўриб чиқилди (2019 йил 24 июль). Ва... даъво рад этилди!

Нега?

Суд тушунтирдики, тўғри, низоли жой ҳоким қарори билан Ҳаётбек Абдухалиловга ажратиб берилган, бироқ ер майдони амалда ажратиб берилмаган, жойнинг ўзида чегаралар белгиланмаган, ер участкасининг чизмалари ва тавсифлари тузилиб, ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинмаган. Боз устига, ҳокимликнинг ўзи (!) 2019 йил 2 март куни Давронбек Усмонов (Қимматхон Усмонованинг ўғли) номига қарор чиқариб, ўзбошимчалик билан ҳуқуқий ҳужжатларсиз эгаллаб келинган ерга нисбатан умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи, уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини тан олибди-ку?! Яна нимани даъво қиляпсизлар?

Мавзу доирасидаги ҳужжатлар билан танишсангиз, сирли-сирли аломатларнинг учи кўзга ташланади, бу, бизнингча, ҳоким қарорининг лойиҳаларини тайёрлашга масъул мутасаддиларнинг хатти-ҳаракати билан боғлиқ. Чинданам мантиқсизлик-да, қаранг: ўтган йилнинг октябрь ойидан муаммо ечимига киришган, ноқонуний қурилмаларни буздиришга уринаётган ҳокимликнинг ўзи (!) 2019 йилнинг март ойига келиб низоли жойдаги иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида қарор чиқариб турса?

Президент фармони билан ноқонуний турар-жойларга нисбатан бир йиллик умумдавлат акцияси эълон қилинган-ку ахир, дерсиз? Тўғри, бунга асло эътироз йўқ. Аммо мазкур акция шартларидан бири шу эдики, имтиёз фармон қабул қилинган сана, яъни 2018 йилнинг апрель ойига қадар фойдаланиб келинган иморатларга нисбатан татбиқ этилиши шарт эди. Қўлида қарори бўлишига қарамай, салкам бир йилдирки, саргардон юрган Ҳаётбек Абдухалиловнинг, шунингдек, «Ермулккадастр» давлат корхонаси туман филиали раҳбари Шокир Алимқуловнинг қайта-қайта таъкидлашича, 2018 йилнинг сентябрь ойида ҳам зикр этилаётган майдон тап-тақир, текис ер бўлган. «Бу ҳақиқатни инкор этиб бўлмайди, чунки кадастр тизимида ишлатиладиган компьютер дастури (спутник орқали)да ҳам кўриниб турибди», дейди Шокир Алимқулов.

Айтганча, юқорида тилга олинган – туман ҳокимининг 2019 йил 2 март кунги, Усмонов Давронбек томонидан Асака тумани Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғини Нурли йўл кўчасида жойлашган ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги қарорида қизиқ жиҳат эътиборни тортди. Яъни қарорнинг баён қисмида манзил Нурли йўл кўчасида эканлиги таъкидланяпти. Унинг қарор қисмида эса гап Тошқўрғон кўчасидаги ер участкаси хусусида кетади?! Аввалига кўчанинг аввалги ва янги номлари адаштириб ёзиб қўйилгандир, деган яхши гумонга борилди. Бироқ маълум бўлишича, Янгиобод маҳалласида Нурли йўл ҳам, Тошқўрғон кўчаси ҳам жойлашган.

Бунисига нима дейсиз?

Қисқаси, судга ортиқча эътироз йўқ. Ҳал қилув қарорининг кам-кўсти бўлса, юқорида тўғриланар. Жавобгарга таъна қилмоққа тил бормайди: судда ғолиб келиб турибди. Хоҳлаймизми-йўқми, катта эътироз туман ҳокимлиги манзилига бўлаверади: жаноблар, нечта юзингиз бор ўзи?

Нурилло Нўъмонов