«102» хабарлари

«АСАДБЕК» НИНГ АНДИЖОНГА ТАШРИФИ


04.05.2018   1503

Андижон вилояти ички ишлар бошқармасида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, ўз вақтида дарвозабон сифатида ҳам танилган халқимизнинг севимли актёри Ёдгор Саъдиев билан ижодий учрашув-мулоқот ўтказилди. Тадбир аввалида сўз олган санъаткор Юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни таъминлашда ички ишлар органлари ходимларнинг алоҳида ўрни бор эканлигини эътироф этди.

Очиқ ва самимий мулоқот давомида cаҳна дарғаси ёшларга ибрат бўладиган ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашди. Ўз навбатида ички ишлар ходимлари ҳам Ёдгор Саъдиевнинг ҳаёти ва ижодига оид саволларига жавоб олдилар. Машҳур актёр ижросидаги гўзал қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият улашди. Шўх тароналар уларни даврага чорлади. Тадбир сўнгида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳратбек Собиров эл-юрт ардоғидаги санъаткор билан кўтаринки руҳда ўтказилган учрашув бир умрга эсда қоларлик бўлганлигини таъкидлаб, бошқарма номидан эсдалик совғаларини тақдим этди. Ўз навбатида Ёдгор Саъдиев “Қутлуқ ердан қуруқ кетиб бўлмаганидек, қутлуғ ерга ҳам қуруқ келиб бўлмайди”, – дея вилоят ички ишлар бошқармасига ўз тухфасини хадя этди. Бир сўз билан айтганда очиқ ва самимий учрашувдан ички ишлар ходимлари олам - олам таассурот олдилар.

АНДИЖОН ВИЛОЯТИ ИИБ МАТБУОТ ХИЗМАТИ