Бугуннинг гапи

Армия ҳаётидан бир лавҳа


10.01.2018   21

Мустақиллик ёшларимиз учун миллий армиямиз сафларида ўз йигитлик бурчини ўташ, энг муҳими, озод ва обод Ватанимизнинг янада равнақ топиши, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши, оиласи, яқинларининг тинч ва осойишта яшаши учун муносиб ҳисса қўшиш имконини берди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ва 14 январь -Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан вилоятдаги коллеж, лицей ва мактаб ўқувчилари иштирокида "Н" ҳарбий қисмда ташкил қилинган "Армия ҳаётидан бир лавҳа" шиори остидаги ҳарбий ватанпарварлик тадбири чин маънода катта шодиёнага айланди. Айниқса, замонавий ҳарбий техника ва қурол аслаҳалар намойиши, аскар ва сержантлар, курсантларнинг кўргазмали чиқишлари барчага манзур бўлди.

- Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган ҳарбийлар ҳаёти ва бугунги тадбир бизда катта таассурот қолдирди, - дейди Андижон ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Муҳаммадали Олимов. - Биз шу кунга қадар ҳарбий техника қуролларини фақат телевизорда ёки ҳужжатли фильмларда кўрар эдик. Бугун эса тенгдошларим билан ҳарбий қурол-яроғларни ушлаб кўриш имкониятига ҳам эга бўлдик.

Мазкур тадбир ҳарбий ватанпарварлик, юртга садоқат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ўз тақдирини Ватан тақдири, деб билган ёшларимиз қалбида фахр-ифтихор туйғуларини янада юксалтиришда муҳим касб этиши шубҳасиз.

Нилуфар Йўлдошева.

Жаҳонгир Содиқжонов олган сурат.