Андижон 24

«АОКАДАН КАТТА ФАРҚИ БОР» — КОМИЛ АЛЛАМЖОНОВ ЯНГИ ФОНД ФАОЛИЯТИ БЎЙИЧА ТУШУНТИРИШ БЕРДИ


03.02.2020   1878

Комил Алламжонов жамоат фонди нималар билан шуғулланиши, фонднинг келажакдаги мақсадлари ва кейинги босқичда нималар режалаштирилгани тўғрисида батафсил маълумот берди.

ОАВ ва блогерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов фонднинг тақдимот маросимида нутқ сўзлади. У дастлаб ўзининг аввалги иш жойи - Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА)даги фаолияти тўғрисида гапириб, тизим ўзидан кейинги раҳбарлар томонидан тўғри ва сифатли давом эттирилишига умид билдирди.

«Бугунги анжуманимизда сизлар билан мен одатий давлат идораси раҳбари сифатида эмас, балки эндиликда жамоат ташкилоти вакили сифатида учрашиб турганимдан бағоятда хурсандман.

Мен ўз ҳаётимга назар ташласам, унинг асосий қисми бевосита матбуот, журналистика ва медиа соҳаси билан боғланган. Тақдир менга бу соҳанинг энг қуйи бўғинидан энг юқори даражасигача фаолият юритиш имконини берди ва табиийки, менда бугун сўз эркинлиги ва матбуот соҳасига нисбатан ўз қарашларим, ўз фикрим ва таклифларим бор.

Йиллар давомида тақдир мени матбуот ва матбуот билан боғлиқ турли соҳаларда синовдан ўтказди. Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Давр» информацион дастурининг режиссёр ёрдамчилигидан бошлаб, то кўрсатув ва лойиҳалар муаллифигача, шу билан бирга турли вазирлик ва идораларнинг матбуот хизматларида оддий ходимликдан то раҳбарликкача бўлган лавозимларда ишлашга тўғри келди.

Давлат идораларидан кетган пайтимда ҳам бошқа соҳалар билан бир қаторда медиа соҳасига тегишли турли лойиҳаларга раҳбарлик қилдим. Ундан кейинги босқич, яъни Президент матбуот котиблигидан то бугунги кунгача бўлган фаолиятимдан ушбу залда ўтирган жуда кўпчиликнинг яхши хабари бор.

Ўтган давр мобайнида мен журналистика соҳасининг барча қирраларини яхши ўргандим. Журналистлар фаолиятига йўл очиши мумкин бўлган ёки бўлмаса тўғаноқ бўлаётган барча ҳолатларни ўз кўзим билан кўрдим. Сўз эркинлигини таъминлаш рецепти нималардан иборатлигини фаолиятим давомида яхши тушуниб етдим, дея оламан.

Бугун матбуот дуч келаётган турли муаммолар, босимлар ёки таҳдидларга гувоҳ бўлмоқдаман. Шу билан бирга, давлат идораси раҳбари сифатида қирғоқнинг нариги томонидаги вазиятни ҳам яхши ўргандим.

Шунга амин бўлдимки, журналист ёки блогерлар ўз вақтида ва сифатли маълумот ололмасдан қийналса, давлат органи раҳбарлари ортиқча гапириб қўйишдан қўрққан ёки матбуотга нисбатан совуққонлик билан фаолият юритиб келган.

Мен шуни тушундимки, очиқлик, сўз эркинлиги – бу бир кунлик ёки сиёсий ироданинг ўзи билангина эришиб бўладиган жараён эмас. Бу ўз-ўзидан пайдо бўлиб ҳам қолмайди.

Агентликда ўтган раҳбарлик фаолиятим давомида журналист ва блогерлар учун керак бўлган барча экомуҳитни ярата олдик ва ўтган бир йил давомида агентлик томонидан матбуотни ҳақиқий тўртинчи ҳокимият даражасига олиб чиқиш мумкин бўлган тизим яратилди, деб ҳисоблайман. Вазирлик ва идораларнинг матбуотга бўлган қарашлари ҳам тубдан ўзгариб, тан олиб айтиш керакки, амалдорлар матбуот билан ҳисоблашиб, иш кўрадиган бўлди.

Энди ушбу жараён ва яратилган тизим мендан кейинги раҳбарлар томонидан тўғри ва сифатли давом эттирилиши жуда муҳим», деди Комил Алламжонов.

У янги жамоат фондининг Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидан фарқлари ҳақида ҳам сўзлади.

«Шу ўринда бир нарсага изоҳ бермоқчимиз. Интернетда АОКА гўёки Фонд каби бўлиб қоларкан, ҳамма функциялари Фондга ўтиб кетяпти ёки бир хил бўлиб қоляпти деган айрим фикрлар ҳам билдирилди.

Шунинг учун сизларга тушунтириш бериб ўтмоқчимиз. АОКА билан Фонд ўртасидаги катта фарқ бор. Агентлик ахборот маконини мониторинг ва таҳлил килиб, давлат органларининг очиқлигини ўрганиб, ягона давлат ахборот сиёсатини ишлаб чиқади, амалга оширади, бошқарувчи сифатида қонун ва нормалар бузилмаслигини кузатади ва пайти билан такомиллаштиради.

Фонд эса ахборот соҳасида турли лойиҳаларни ишлаб чиқади, ҳаётга татбиқ этади, бунинг учун пул топади, журналист ва блогерларни ўқитади, малакаларини оширади. Шу билан бирга, лойиҳаларни амалга ошираётганда, Фонд соҳа қонунлари ва нормалари реал ҳаётга мослиги ёки мос эмаслиги ёки етарли эмаслиги, камчиликларини аниқлаштириб, такомиллаштириш учун ўз тадқиқотларини олиб боради ва ўзи ахборот соҳаси иштирокчиси сифатида турли ташаббуслар билан чиқади. Яъни Фонд АОКАга ахборот қонунчилигини тўғирлаш бўйича ҳаётий текширилган таклиф бера олади.

Шунинг учун, АОКАсиз Фонднинг иши самарали бўлолмайди. Шунингдек, Фонд журналист ва блогерларнинг манфаатларини ҳимоя қилиб, биринчи мурожаат қиладиган жойи ҳам АОКА бўлади.

АОКА бу – журналист ва блогерлар учун йўлни очиб берадиган, уларни ҳимоя қиладиган давлат органи бўлса, Фонд бутун журналист ва блогерлар овозларининг, муаммоларининг йиғиндиси, уларнинг дардини АОКА ва бошқа тегишли идораларга етказадиган жой бўлади.

Шу изоҳнинг ўзи етарли деб ўйлаймиз.

Бизнинг келажакдаги мақсад ва кейинги босқич бу - биздаги давлат идораларида эгалланган бор билим ва тажриба сўз эркинлиги амалда жорий этилишига қаратишдир. Лекин бу ҳам ўз навбатида осон кечмаслиги маълум», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Манба: Kun.uz