Андижон 24

АНДИЖОНПАРВАР ИНВЕСТОРЛАР КЎПАЙМОҚДА


22.05.2019   2603

Президентимизнинг Андижонга ташрифи самараси сифтида вилоятнинг 2019-2020 йилларга мўлжалланган янги инвестиция дастури ишлаб чиқилди. Унга кўра қиймати 25 триллион 181 миллиард сўм(ёки қарийб 3 миллиард доллар) бўлган 908 та лойиҳанинг амалга оширилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳалар жами 1,7 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий сармояни ўзлаштириш ва 35,5 мингтаянги иш ўрни яратишни таъминлайди.Дастурининг асосий қисми - қиймати 17 триллион 878 миллиард сўм (ёки 2,1 миллиард доллар) бўлган 886 та лойиҳа хусусий бизнес вакиллари ва инвесторлар иштирокида бажарилади.

Инвестиция куни (чоршанба)да вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов собиқ машзавод ҳудудидаги “Biomedics” масъулияти чекланган жамиятида маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар билан учрашиб, истиқболли лойиҳаларни кўриб чиқди.

Учрашувда ижро ҳокимияти томонидан қонун доирасида барча шароитлар яратилиши атрофлича тушунтирилди. Айни вақтда тадбиркорларга қўйиладиган талаблар батафсил айтилди. Қарс икки қўлдан чиққанидек, тақдим этилаётган шароитларга жавобан сармоядорлар ҳам ишга астойдил киришишлари лозимлиги уқтирилди. Жумладан, лойиҳалар замонавий илғор технологияларга асосланиши, маҳсулотнинг экспортбоплиги, иш ўрнининг салмоғи, қисқа фурсатларда бажарилиши зарурлиги таъкидланди.

Ишчанлик руҳида кечган инвестиция кунида ҳар бир шаҳар ва тумандан келган тадбиркорлар ўз таклифларини илгари сурдилар. Масъулият, ташаббускорлик, андижонпарварлик нуқтаи назаридан баҳоланган лойиҳалар қўллаб-қувватланди. Диққатга сазовор жойи шундаки, ўзга юртларда фаолият кўрсатаётган собиқ андижонликлар ҳам вилоятимиз тараққиётига ҳисса қўшиш истагида ҳоким қабулига ташриф буюрмоқдалар.

Иродахон Абдураҳмонова асли Бўз туманидан. 21 йилдан буён Туркияда истиқомат қилади. Турк компаниясининг Ўзбекистондаги вакили.

-Адирликларда аҳолибоп уй-жойлар қуриш, канализация тармоқларини тортиш, мева-сабзавотларни қуритиш каби ўнлаб йўналишларда аниқ таклифларимиз бор. Ўзбекистонадги ўзгаришларни кўриб, унинг тараққиётига ҳисса қўшишни ният қилдим. Ўйлайманки, ниятим амалга ошади.

Ўткир Абдуҳолиқов “Фирдавсбек савдо саноат” МЧЖнинг раҳбари. “Биркан” компаниясининг раҳбари Унал Кахраман билан ҳамкорликда иссиқхона қуриб, экспортбоп маҳсулот етиштиришни режалаштирган. Бошланғич босқичда туркиялик сармоядор 400 минг доллар киритади. Ўткирбек эса 150 минг доллар улуш қўшади. Дастлаб 2 гектар майдонда қуриладиган иссиқхона кейинчалик 9 гектарга кенгаяди.

-Кредит масаласи пайсалга солинаётган эди, - дейди шериклар. –Вилоят ҳокими бу муаммони хал этиб берди. Энди иш жадаллашади.

Ойбек Сапаев пойтахтдаги “Бағдод карвон” қурилиш компанияси директорининг ўринбосари. Мазкур компания Избоскандаги “Эркинбой ота клиникаси” МЧЖ директори Абдусаттор Эркинов билан 50х50 асосда Избосканда “Соғлом оила” кўп тармоқли клиника қуриш лойиҳасини таклиф қилмоқда. Замонавий даволаш муассасаси учун 40 сотих ер майдони ажратиладиган бўлди.

Кунига 300 минг дона пишиқ ғишт ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ташкил этиш бўйича хитойлик сармоядорларнинг масаласи ҳам ижобий ечим топди. Шу каби саволлар билан яна ўнлаб тадбиркорлар мурожаат қилдилар. Инвестиция кунида, шунингдек аввалги мулоқотларда кўтарилган 259 та муаммоли маслалар кўриб чиқилди.

«auz.uz» online гуруҳи.