Андижон 24

«Андижоннома» газетаси 100 ёшда: ТИЛИМИЗНИНГ ЖОНЛИ ЭНЦИКЛОПЕДИЯСИ


29.05.2021   2684

Ўқувчилик давримизда бирор сўзнинг ёзилиши борасида иккиланиб қолсак, газеталарга юзланардик. Чунки газетада сўзлар ҳамма вақт тўғри ёзилади, деган тушунчага эга эдик-да. Йиллар ўтиб "Андижоннома" таҳририятида иш бошладим. Шунда ҳар бир мақола хатосиз босилишида мусаҳҳиҳларнинг меҳнати катта эканини тушундим. Бу бўлимда ишловчилардан билим, тажриба ва зийраклик талаб этилади. Уларҳар бир сўз кучини ҳис қилишади, биргина хато учун курашадилар.

Йиллар давомида газетанинг виждонига айланган Фозилжон Сиддиқовнинг меҳнати алоҳида эътирофга лойиқ. Устоз билан суҳбатимиз "Андижоннома"нинг 100 йиллиги байрами арафасида айни шу мавзуда бўлди.

- Ҳарбий хизматдан қайтгач, бир ишнинг бошини тутиш ҳақида ўйлаб юргандим. Шунда маҳалламиздаги зиёли бир инсон вилоят газетасида иш борлиги ҳақида айтиб қолди. Таҳририятга келдим, забардаст устозларнинг сири босиб, озгина иккиландим. Йўқ, ижодкор одамлар бошқача бўларкан. Мени очиқ чеҳра билан қарши олдилар. Мусаҳҳиҳ вазифасига ишга қабул қилиндим, - дея эслайди илк дамларини. - Шу-шу ҳаётим газета билан боғланди. Ишимнинг масъулияти залворли эди. Асалари каби жойлардан материалларни йиғиб келган журналистларнинг мақолаларини хатосиз ўқувчига ҳавола этиш, чиройли кўрсатиш зиммамизда бўлган. Китоб ўқиш, ўзбек тили луғатини мукаммал билиш, тил устида ишлаш ва билимларимни оширишга қарор қилдим.

Баъзан бир неча бор қўлдан ўтишига қарамай матнлардаги хатоларни тузатишга тўғри келарди. Тузатамиз, ёзамиз, чизамиз, сайқаллаймиз.

Чунки мусаҳҳиҳ зийраклиги, сўнгги дақиқада ҳам айрим камчиликларни олдини олишда асқотарди. Газета босмадан чиқиб, қўлимга етиши билан яна қайта ўқиб чиқардим. Ҳаммаси жойида эканлигига ишонч ҳосил қилгач, енгил тортардим.

Хотиржамлик... Мусаҳҳиҳ иш пайтида хотиржам бўлмайди, ўзи истасада бўлолмайди. Атрофдагиларнинг фикрлари, газетанинг кўриниши билан яшайди. Бу Фозилжон Сиддиқовнинг салкам қирқ йиллик ҳаёти ҳосиласи. Газета чиққанидан бошлаб янгиси нашр юзини кўргунчалик бехаловат лаҳзалари, ўқувчи қўлига етгандагиширин ҳордиғидир. У 9 нафар муҳаррир билан ишлади. Тўлқинжон Сатимов, Махпиратхон Тожихалилова, Муқимжон Ниёзов, Назиржон Саидовларни ўзига устоз деб билган мусаҳҳиҳ ҳам- касблари, муҳаррирлари ҳурматини жойига қўйди. Каттадир кичик ҳаммадан ўрганди, изланди. Республикада айниқса, мусаҳҳиҳлар орасида биринчи бўлиб "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими" унвонига муносиб топилди.

- Мукофотни топшириш олдидан ўтказилган тадбирда Тошкентдан келган раҳбарлар менга қараб таажжублангани кўз олдимдан кетмайди. Чунки шунча журналистлар эмас оддий мусаҳҳиҳни юксак мукофотга муносиб топилиши уларга қизиқ туюлганди. Қарашлари, юз-кўзларида мана шундай маънони уқиш қийин эмасди. Шунда муҳарриримиз Абдумутал Абдуллаев қисқа қилиб "Бу инсон бизни юрагимиз. Ҳар бир материал қўлидан ўтгач газета юзини кўради", дея таъриф берганида унвондан-да юқори фахрни туйганман. Ўша онларда менданда бахтли инсон йўқ эди.

Фозилжон ака йиллар давомида ўзбек тилининг чинакам ҳимоячисига айлангани рост. Уни таниган билганлар илиқ таърифлар ила эслашади. Хатто кўча-кўйдаги шиорлар, баннерлардаги, қўйингки, қаерда ёзув бўлса қунт билан ўқир ва "мана бу жойи бундай ёзилади" деб изоҳлаб қўярди. Қаерда бўлишидан қатъий назар хато сўз ва иборалар учун курашди. Савод масаласида ҳеч кимни аямади. қанча шогирд етиштирган бўлса, барчасига ушбу талабни қўйди.

Бугун Андижон шаҳридаги Қорақўрғон маҳалласида кексалик гаштини сураётган Фозилжон ота 82 ёшни қарши олмоқда. Ҳамон матбуот билан ҳамнафас. Кўз нурларини йиллар давомида газетага тўккан. Ҳозир ҳам хатоликларни англайди ва тезгина "газетачи"ларга етказади. Маслаҳатларини, ўрни келганда танбеҳини беради.

Фарзандлари, набиралари ҳам газетани севувчилар. Улар турли нашрларини меҳрибонига илинишади. Ҳамкасбларимизни тез-тез устознинг хонадонида бўлиб, маслаҳатларини олишлари бежиз эмас. Гўёки Фозилжон ота Сиддиқов тилимизнинг жонли энциклопедияси, ибрат мактабидир.

Акбаржон

НАЗАРОВ.