Андижон 24

«Андижоннома» газетаси 100 ёшда: ШАРОФ РАШИДОВ БОШҚАРГАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ


29.05.2021   2890

ёки «Коммунист» (ҳозирги «Андижоннома») газетасининг 50 йиллиги санасига бағишланган йиғиндан тарихий хотиралар

1971 йили Тошкент давлат университетининг журналистика факультети йўлланмаси билан ўқувчилик давримда қадрдон бўлиб қолган газета таҳририятига етти ойлик муддат билан амалиёт ўташ учун келдим. Бош муҳаррир Собиржон Шокаримов ҳузурига кирганимда, бамисоли университетга ўқиш учун қайтадан имтиҳон топшираётгандай ҳаяжон домида қолдим. Ота-онам, ака-укаларим, ўқиган мактабим, Тошкент-даги устозларим ҳақида бирма-бир сўради...

- Корректура азобини тортмаган журналист ҳеч қачон ўз йўлини тополмайди, - деди устоз ўйчанлик билан. - Масъул котиб Абдурашид Дадабоевга учрашинг. У иш бўйича сизга йўл-йўриқлар бериб боради.

Абдурашид акага учрашганимда кундузги ва кечки сменада навбат билан фаолият кўрсатишим маълум бўлди. 3-4 кун ўтгач, котиба муҳаррир номига ишга қабул қилиш бўйича ариза ёзишимни айтди. Шунга ҳам эллик йил бўлибди. Ўша дамларнинг ҳар дақиқаси ҳанузгача ёдимда.

Орадан бир ҳафта ўтди. Душанба куни эрталаб таҳририятга келсам, барча ижодий ходимлар қаергадир боришга ҳозирлик кўришаётган эди. Муҳаррирнинг кўзи менга тушди ва "Сиз ҳам бирга боринг", деди холос. Бу сўзни эшитиб турган Муқимжон Ниёзов бирга йўлга чиқишимизни айтди.

"Коммунист" ва "Анди-жанская правда" газеталари ижодий ходимларининг барчаси вилоят партия қўмитаси томон йўлга чиқишди. Бинонинг учинчи қаватидаги бюро залига кириб бордик. Унча вақт ўтиб-ўтмай залга вилоятнинг биринчи раҳбари Бектош Раҳимов ва Мирзажон Муҳиддинов кириб келишди. Ўтган 15 кунликдаги янгиликлар, аввалги йиғилишда берилган топшириқлар бирма-бир таҳлил этилди. Кўплаб ҳамкасбларимиз меҳнатига миннатдорлик билдирилди.

Ҳар ойда икки бор ўтказиладиган ва вақти чегараланмаган йиғинларнинг барчасида иштирок этиб билдимки, матбуотнинг қудратини ҳис этиб, унга таяниб ишлаган ҳар қандай раҳбар йўлидан адашмас экан... Айниқса, мавзулар танлашда ҳазрати инсон биринчи ўринда туриши лозимлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазалар ҳанузгача иш фаолиятимизда асқотиб келмоқда.

Навбатдаги мулоқотларнинг бирида Бектош Раҳимов яқин кунларда ажойиб воқеа содир бўлишини сирли тарзда баён этди.

Дарҳақиқат, орадан кўп ўтмай, аниқроғи, 16 июль куни матбуотда "Коммунист" газетасининг 50 йиллиги муносабати билан "Ҳурмат белгиси" ордени билан мукофотланганлиги бўйича Фармон эълон қилинди. Бу мукофот наинки матбуотчиларни, вилоятимиздаги барча зиёлиларни беҳад хурсанд қилиб юборди. Қутлов учун таҳририятга келаётган юртдошларимизнинг ҳисобини олиш имконсиз эди...

Навоий номли маданият ва истироҳат боғида пахта йиғим-терими олдидан 3 сентябрь куни эрталаб уч минг кишидан кўпроқ деҳқонлар иштирокида анъанавий йиғин ўтказилди. Йиғин кўтаринкилик билан бошланиб, Бектош Раҳимов "Коммунист" газетасининг 50 йиллиги муносабати билан таҳририят ходимлари, босмахона ишчилари, жамоатчи мухбирлардан бир гуруҳи "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими", "Ўзбекистон Республикаси фахрий ёрлиғи" билан мукофотланланлиги ҳақидаги Фармонни ўқиб эшиттирди. Гулдурос қарсаклар жаранги узоқ вақт тинмади.

Меҳнат фахрийлари яхши билишади. Республиканинг ўша вақтдаги биринчи раҳбари бўлган Шароф Рашидов ҳар йили вилоятларга икки-уч бор ташриф буюрар, айтарли барча туманларда бўлиб, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ишлар билан батафсил танишар, мутасаддилар билан навбатдаги вазифаларни муҳокама қиларди. Пахта йиғим-терими қизғин паллага кириб, вилоятда бу борадаги режа бажарилиши олдидан Шароф Рашидов Андижонга келди.

Шароф Рашидов сафарининг биринчи иш куни (25 сентябрь) "Коммунист" газетасининг 50 йиллигига бағишланди. Яқиндагина фойдаланишга топширилган вилоят партия қўмитасининг янги биносидаги мажлислар зали илк бор жамоатчилик вакилларини жамлади.

Олдиндан айтайлик. Шароф Рашидов юксак маънавиятли инсон ва раҳбар сифатида эл қалбида қолган давлат раҳбаридан бири. Унинг даврида республикамизда амалга оширилган беқиёс бунёдкорлик ишларида маънавий баркамолликнинг ҳиссаси ҳам борки, ана шу жиҳатлар газетамиз юбилейида ҳам бўй-басти билан намоён бўлди.

Шароф Рашидов қўлини кўксига қўйиб залга кириб келди. Тик турган ҳолатда барча билан салом-алик қилиб, йиғилганлар билан юз кўришиб турганлигини изҳор этди. Газетанинг 50 йиллик юбилейи муносабати билан берилган "Ҳурмат белгиси" орденини таҳририят байроғига тақиб қўйди. Сўнгра эсафахрий унвон ҳамда фахрий ёрлиқ билан мукофотланганлар тақдирланди.

Газетанинг шонли ўтмиши ҳақида сўз бошлаган Шароф Рашидов бу даргоҳда фаолият кўрсатган ва ёрқин истеъдоди билан маънавий ҳаётда ўз ўрнига эга бўлган Асқад Мухтор, Султон Жўра, Саида Зунунова ва бошқа таниқли ижодкорлар ҳақида сўз юритди. Сўнг бироз тин олди-да, Андижонда Жасур деган шоир бўлганлиги, ижоди кўпчиликнинг эътиборига тушганлиги, ўзи ҳам унинг "Пионино" номли шеърини ҳанузгача ёдида сақлаши ҳақида айтиб, сўнгги ҳаёти билан қизиқди...

Бектош Раҳимов Мирзажон Муҳиддиновга қаради. У эса Собиржон Шокаримовга юзланди. Қиссадан ҳисса шуки, Жасур ҳаёт бўлиб, бир жойда муқим яшамаслигидан огоҳ бўлган Шароф Рашидов мутасаддиларга шоирнинг ҳолидан хабар олишларини ва уй-жойсиз бўлса, ўзига яраша Ватан яратиб беришларини тайин этди.

Шу ўринда Андижондаги адабий жараён, унда таниқли ижодкорларнинг бевосита ҳамкорлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтишимиз жоиз. /афур /уломнинг аксарият ижодий сафарлари водий, чунончи Андижонда ўтарди. Унинг кўплаб асарларида бу ҳақда тарихий битиклар бор. Ҳар галги сафарлари таасуротлари вилоят газетасида чоп этилганлиги маълум.

/афур /улом вафотидан сўнг таҳририят жамоаси"/афур /улом ва Андижон" эсдаликлар китобини яратишиб, 10 минг нусхада босилдики, журналистларнинг бу кашфиёти бошқа вилоятларда ҳам бўй кўрсата бошлади.

Ёки Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад ижодида "Коммунист" газетаси алоҳида ўрин тутади. Бундан дейишга тўла асос бор. Унинг таниқли инсонлар ҳақидаги очерклари сафарномалари кўп бор газета саҳифаларини безаган ва ўқимишли чиқишида хизмат қилган.

Саид Аҳмад Андижонга келар экан, ҳамиша таҳририятга ҳудди ўз уйига қадам босгандек ҳазил-мутоиба билан кириб келарди. Баъзида "Мен сизларга поччаман, поччани Пайғамбарлар ҳам ҳурмат қилган", дея даврага файз киритарди. Катта Фарғона канали қурилишида фаол бўлган Саид Аҳмад умрининг салмоқли қисмини Қорадарё соҳилидаги дала ҳовлисида ўтказиб, дастлаб "Уфқ" романини ёзди. Орадан анча вақт ўтгандан сўнг эса "Қирқ беш кун" романини якунига етказди. Роман қўлёзмалари сиёҳи қуримай туриб, ҳар куни таҳририятга келиб тушар, таниқли ижодкор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Муҳаммаджон Абдукаримов томонидан бир сидра ўқиб чиқилгач, газета юзини кўрарди.

Роман республикада биринчи бўлиб тўлалигича "Коммунист"да босилганлиги ва газетанинг ҳар сони қўлма-қўл бўлиб кетганлигига барча ижодкорлар, айниқса биз журналистлар кўп бор гувоҳ бўлганмиз. Романнинг энг сўнгги саҳифалари чоп этилган ҳафта охирида Саид Аҳмад таҳририят ходимлари хизматини Қорадарё соҳилидаги "Ямбол" хўжалиги боғида меҳмондорчилик билан сийлади. Эрталаб бошланган гуринг қуёш уфққа бош қўйгунча давом этди.

Шундан сўнг давлат раҳбари ва жамоатчилик вакиллари ўртасида очиқ маънавий мулоқот бошланди. Биринчи бўлиб Абдусамат Тиллабоев номини тилга олди. Раис бува ўрнидан турган чоғида Шароф Рашидов уни кўрганлигидан хурсанд эканлигини изҳор этаркан, хўжалигига ҳам албатта бориши ва суҳбатини олиши ҳақида айтиб ўтди.

Шундан кейин Узоқбой Саримсақов, Сайфиддин Шарофуддинов, Зокиржон Собиров, Каримжон Раҳимов, Солижон Меҳмонов, Назиржон Сулаймонов, Манноб Жалолов, Ҳафиз Полвонов, Обиджон Акбаров, Мирзажон Иминов, Ҳакимжон Қаюмов, Нишонбой Жўраев, Тошбой Аҳмедов, Турсуной Каримова, Юсуф Отабеков ва бошқа эл эътиборидаги инсонлар билан қисқа мулоқотларда юрт ободлиги, бунинг учун изланиб меҳнат қилиш фарзлиги, тарбияни боғчадан бошлаш ҳаёт талаби эканлиги каби жиҳатларга алоҳида урғу берилди. Боғча, мактаб, тиббиёт муассасалари қурилиши, янгиларни ўзлаштириш ва бунда биринчи навбатда аҳоли учун қулай шароитлар яратиш муҳимлиги такрор-такрор қайд этилди. Ва бу жараёнда ёзувчилар, шоирлар ва журналистлар билан ўзаро ҳамкорлик алоҳида ўрин тутиши бир неча бор таъкидланди.

Шароф Рашидов Узоқбой Саримсақов билан суҳбатлашганда Лўғумбек қишлоғида Охунбобоев номли хўжалик томонидан маданият ва истироҳат боғи қурилганлиги ортидан бу ташаббус қандай қўллаб-қувватланаётганлиги бош мавзу бўлди. Узоқбой Саримсақов "Янги қишлоқ" ва "Майгир" қишлоқларида ҳам маданият ва истироҳат боғлари барпо этиш бошланганлигининг хабарини етказди. Ке-йин эса Бектош Раҳимовдан бошқа туманларда ҳам айнан шундай масканлар барпо этилиши ҳақида сўради.

Улуғнор туманидаги "Минг-чинор" қишлоғи ўрни 1970 йил бошида ҳам учар қумлар макони бўлиб, бу ер кимсасиз биёбон эди, холос. Қачонки, Мирзажон Иминов учар қумлар маконида ташкил этилаётган давлат хўжалигига раҳбар бўлиб борганда ягона вагон уй пайдо бўлди. Бир томонда ер ўзлаштириш, бошқа томонда эса қурилиш ишлари қизғин бораётган эди. Шароф Рашидов ўша йилнинг 12 июнь куничўлга борди. Ихчам ва бир қаватли хўжалик биноси битай деб қолган. Давлат раҳбарининг ташрифи арафасида Мирзажон Иминов минг туп чинор кўчати топиб келган бўлиб, лойиҳадаги марказий кўчанинг икки томонига ўтқазишни мўлжаллаган.

Шароф Рашидов бу ерга келганда ҳали лойиҳада акс этган қишлоқ номи билан қизиққан. Мирзажон Иминов ҳозирча бу ҳақда бошқалар билан маслаҳат қилмаганлиги, табиий шароитдан келиб чиқиб, шамол кучини қайтаришга қодир дарахт чинор эканлиги, унинг кўчатлари борлигини айтади. "Демак, қишлоқнинг номи "Мингчинор" бўлар экан, - дейди Шароф Рашидов. - Бўлмасам ишни кўчат экишдан бошлайлик.

Ўша куни минг туп чинор ўтқазилган ва ҳайратланарлиси шуки, барчаси бирдек кўкариб, қулоч ёзган. Билган билади. Мингчинор қишлоғида барпо этилган Бахт уйининг вилоятда қиёси бўлмаган. Барча маъмурий, ижтимоий ва тураржойларга хизмат қиладигансув-оқава мажмуаси барпо этилган. Шароф Рашидов Мингчинор қишлоғига кўп бор келган. Ҳар бирортидан ўша даврнинг пешқадам ёзувчилари, шоирлари, журналистлари "Мингчинор"га ошиқишарди. Республика матбуотида бир-биридан қизиқарли очерклар, лавҳалар ёритиларди. Адабий дўстлик - абадий дўстлик деганларидек, Мирзажон Иминов Бўз туманига биринчи раҳбар бўлиб келганда республикада биринчи бўлиб, Адиблар хиёбонига асос солдики, бу маънавий юксалишнинг ёрқин кўриниши эди.

Пахтаобод туманидаги Маданият қишлоғининг тубдан қайта қурилиши ҳам бевосита Шароф Рашидов номи билан боғлиқ. "Коммуна" хўжалигининг раиси Каримжон Раҳимов қишлоқни қайта қуриш ташаббуси билан чиққанда биринчибўлиб Шароф Рашидов қўллаб-қувватлаган. Иш фаолияти давомида маънавиятни устун деб билган Каримжон Раҳимов томонидан бошланган ташаббус кенг қулоч ёзди. Янгидан ташкил этилаётган хўжаликлар айнан "Коммуна" тажрибаси асосида лойиҳалаштирилган.

Ҳозирги Булоқбоши туманидаги Ширмонбулоқ қишлоғи ободлиги ҳам ана шу ташаббуслар доирасида юзага келган. Хўжалик раҳбари, уруш ногирони Назиржон Сулаймонов Шароф Рашидов билан мулоқотда хўжаликда ипак пахта етиштириш орқали давлатдан кредит олмаган ҳолда қишлоқни янгилаш мумкин эканлигини билдирди. Унинг ҳисоб-китоблари маъқул бўлгач, бу борада мутасаддиларга топшириқлар беришини айтди. Дарҳақиқат Назиржон Сулаймонов томонидан ишлаб чиқилган ғоя юзага чиқди. Ипак-пахта етиштириш боис хўжалик даромади бир неча бор кўтарилди. Ўзидан ташқари барча ширмонбулоқликларнинг уйлари янгиланди. Боғча ва мактаблар замонавий қиёфа касб этди. Кўчалар ободлиги таъминланди.

Назиржон Сулаймоновнинг иш фаолиятида вақт қадри алоҳида ўрин тутган. Маънавий баркамолликни ҳамиша олдинги ўринга қўя олган раис тушликда вақтли матбуотни кузатишни ҳеч қачон канда қилмаган. Гапнинг индалосини айтсак, ҳозирда ҳам ширмонбулоқликлар илм-билим борасида пешқадам эканликлари сир эмас...

Тантанали маросим поёнига етаётган чоғда Шароф Рашидов атрофга назар ташлар экан, "Семён, қаердасиз?" деб қолди. Семён Безносов "Коммунист" ва "Андижанская правда" газеталари таҳририятида узоқ йиллар фотомухбир бўлиб ишлаган ва "Правда" газетасининг биринчи саҳифасида "Фарзанд ёди" номи билан чоп этилган сурати орқали назарига тушган ҳамкасбимиз эди. Анна шу сурат боис Семён Безносов Шароф Рашидовнинг шахсий фотогрифига айланганди.У кўриниш бергач, "Андижонлик ҳамкасбларим билан бир суратга тушай" дея топшириқ берди. Вилоят ҳокимлиги биноси олдида Семён Безносов Шароф Рашидов даврасида биз журналистларни тарихга муҳрлади ва орадан кўп ўтмай ўзи келиб расмларни тарқатди.

Биринчи раҳбарнинг газета юбилейи асносида ўтказган маънавий мулоқоти шу қадар жонли, самимий бир вазиятда ўтдики, Шароф Рашидов бир неча кунлик ташрифи давомида барча туманларда, хўжаликларда, ижтимоий масканларда, корхоналарда, қурилиш майдонларида мулоқотни давом эттирди.

Шароф Рашидовнинг сафари хайрли кечди. Ўша йили вилоят республикада биринчи бўлиб 610 минг тонналик хирмони билан режани шараф билан бажарди. Биз журналистлар ҳам гуруҳларга бўлиниб, Тошкентдан келаётган шоир ва ёзувчиларга, ҳамкасбларимизга ҳамроҳ бўлиб Шароф Рашидов назарига тушган жойларда бўлдик. Ҳар ўн беш кунда ўтказиб бориладиган вилоятнинг биринчи раҳбари ҳузуридаги очиқ суҳбатларимиз янада жонли тарзда давом этаверди.

Ўз вақтида ҳафтасигабеш марта чоп этиладиган, адади 70 минг нусхадан ортган вилоятнинг биринчи рақамли газетаси 100 йилдан буён Андижонннинг тарихини бунёд этишда иштирок этиб келмоқда. Бугунимиз эртага тарих. Шундай экан, Янги Ўзбекистон барпо этилиши жараёнида фаоллик ва ташаббускорлик бардавомдир.

Қобилжон АСҚАРОВ.