Андижон 24

Андижоннома» газетаси 100 ёшда: КЕЛАЖАККА МАКТУБЛАР


29.05.2021   2131

Эртага вилоят ҳокимлигининг нашри бўлмиш "Андижоннома" газетаси чоп этила бошлаганига 100 йил тўлади. Унинг тарихи кўплаб шонли воқеаларга тўла. Бу йиллар мобайнида бир неча авлод журналистлари фидойилик, юксак маҳорат билан ижод қилдилар.

Тарихнинг гувоҳлик беришича, 1921 йил 30 майда вилоятда ўзбек тилида нашр этиладиган дастлабки "Қизил қўшчи ва деҳқон" газетаси ташкил қилинган. Кейинчалик "Дарҳон", "Пахта фронти", "Коммунист" номлари билан аталган нашр Ўзбекистон Республикаси Мустақилликка эришган 1991 йилнинг ноябридан эътиборан "Андижоннома" номи билан чоп этила бошланди. Янги даврда газетага айнан шу номнинг танланишида катта ҳикмат бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам ўзининг машҳур мемуар асарига бежиз "Бобурнома" деб ном бермаган. Бу - ўзига хос тарих, яъни қайсидир маънода келажакка мактублар. Вилоятнинг бош газетаси ҳам шу каби вазифани шараф билан уддаласин, деган эзгу ниятда "Андижоннома" деб номланди ва бу жамоатчилик томонидан самимий бир тарзда қабул қилинди. Ҳадемай шу воқеликка ҳам 30 йил тўлади.

Газета муҳаррирлари шажарасини биринчи андижонлик журналистлардан Вали Мақсудов бошлаб берган бўлса, сўнгра силсилани Мадамин Ваҳобов, Зиё Ҳусаинов, Усмон Абубакиров, Дадажон Соҳибий, Аҳмаджон Ёдгоров ва бошқалар давом эттиришди.

Иккинчи жаҳон уруши йилларидан кейин Андижонда журналистларнинг навбатдаги авлоди етишиб чиқди. Улардан Ўлмас Алиев, Обоқул Эгамов, Муталлиб Усмонов, Муҳиддин Ҳошимовлар газетани тайёрлаш ва чоп этиш ишларига раҳбарлик қилдилар. Уларнинг муҳаррирлиги пайтида нафақат материаллар сифати ортди, шунингдек, ранг-баранглик касб этди. Таҳририятга ўнлаб фидойи, журналистлик заҳматини зиммасига олишдан чўчимайдиган ёшлар кириб келишди.

Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Собиржон Шокаримов муҳаррирликка тайинланди. Унинг саъй-ҳаракатлари билан "Андижоннома" ("Қизил қўшчи ва деҳқон"-"Дарҳон"-"Пахта фронти"-"Коммунист")нинг ҳақиқий тарихи тикланди. Ҳолбуки, шунгача газета ташкил этилганлиги ҳақидаги маълумотда "1931 йил" кўрсатилган эди. Собиржон ака изланишлар олиб бориб, "Қизил қўшчи ва деҳқон" ҳамда "Пахта фронти" газеталариўртасидаги узилишни улаш имконини топди. Ва ниҳоят, 1970 йилнинг кузидан бошлаб, газетанинг биринчи саҳифасида "1921 йил 30 майдан чиқа бошлаган" деган сўзлар битилди.

Газетанинг тамал тошини қўйишда ўнлаб журналистлар ижод қилганини алоҳида таъкидлаш фахрлидир. Улар орасида Сулаймон Олимов, Ханифахон Иброҳимова, Козимжон Хўжаев, Карим Аҳмадий, Юсуфжон Fиёсов, Обоқул Эгамов, Ҳамиджон Отабоевдек забардаст қалам соҳибларини тилга олиш мумкин. Таҳририятда шу бугунгача юзлаб қаламкашларнинг қалами қайралди ва тарих саҳифаларидан муносиб жой олишга арзигулик чиқишлари билан газетхонлар ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлишди.

Мустақиллик йилларида Андижон автомобилсозлик саноатининг пойтахтига айланди. Бош корхона ва бутловчи маҳсулотлар етказиб берувчи катта-кичик ишлаб чиқариш объектлари қад ростлади. Андижон биокимё заводи, ўнлаб тўқув ва тикув фабрикалари ишга туширилди. Қишлоқ хўжалигида бозор тамойилларига асосланган таркибий ўзгаришлар бошланди ва хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган тизим шаклланиши кенг қулоч ёйди. Таълим, тиббиёт, маданият, спорт, туризм йўналишларида ислоҳотлар қамрови кенгайди. Буларнинг барчаси "Андижоннома" саҳифалари орқали тарихга муҳрланди. Ижобий ўзгаришлар баробарида айрим мутасаддилар томонидан хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги ҳам газета орқали жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди. "Андижоннома"нинг 2010 йилда журналистика соҳасида "Олтин қалам" Миллий мукофотига сазовор бўлиши замирида ана шу жиҳатлар мужассам.

"Андижоннома" бундан буён ҳам жамиятнинг олдинги сафларида бўлиб, Сиз - азиз муштарийлар кўнглидаги ўй-фикрлар, таклифлар ва муросасиз муносабатларни ўз саҳифаларида ёритиб бораверади.

Таҳририят.