Андижон 24

АНДИЖОНЛИК ТАДБИРКОРЛАР 10 ТАДАН 500 ТАГАЧА ЭҲТИЁЖМАНД ОИЛАНИ ЎЗ ҚАРАМОҒИГА ОЛМОҚЧИ


24.04.2020   3145

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини андижонлик 100 дан ортиқ ёш тадбиркорлар қўллаб-қувватламоқда. Улар 3 ой мобайнида 10 тадан 500 тагача оилани ўз қарамоғига олишни мақсад қилишган.

Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Ўткирбек Шукуровнинг маълум қилишича, Президентнинг 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олиб илгари сурган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси тадбиркорлар томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.

Маълумотларга кўра, дастлабки кунларда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини 100 дан ортиқ ёш тадбиркорлар қўллаб-қувватламоқда. Улар 10 тадан 500 тагача оилани ўз қарамоғига олишни мақсад қилишган.

Ушбу умумхалқ ҳаракатида фаол иштирокни андижонлик ёш тадбиркор Абдуллоҳ Мадаминов бошлаб берган. Карантин даврида мингдан ортиқ оилага ёрдам берган тадбиркор яна 300та оилани қўллаб-қувватлашни зиммасига олган. 23 апрель куни унинг дастлабки ҳомийлик асосида қилинган хайрияларининг эҳтиёжманд ва ижтимоий ҳимояга мухтож оилаларига тарқатилган.

“Барчамиз учун муқаддас бўлган Рамазон ойи ҳам кириб келди. Бу ойда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Шунинг учун нафақат тадбиркор сифатида балки, инсонийлик жиҳатдан ҳам ўз олдимга қўни-қўшниларимиз ва яқинларимизга яхшилик қилишни мақсад қилиб қўйгандим. Юртбошимиз ташаббуси эса бу ишларимни янада олдинга силжишига туртки бўлди. Бундай синовли кунларда барча қатори ўз хиссамни қўшаётганимдан хурсандман,” – дейди Абдулло Мадаминов.

Яна бир тадбиркор Андижон шаҳар "Ziyo Safo" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Азизбек Омонов эса ўзи сайланган 24-“Шарифбойгузар” округи ҳудуддаги 70 га яқин оилани қўллаб-қувватлаш истагини билдирмоқда. “Жажжи юлдузлар” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Миржаҳон Ҳакимов эса 100 нафар хонадонга ижтимоий ёрдам кўришни мақсад қилган

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев бундан аввал имкониятидан келиб чиқиб, қайсидир тадбиркор бир ойда мисол учун 10 та, бошқа бири эса 20 та оилага кўмаклашиши, энг муҳими муҳтож оилалар аъзоларини ишга жалб қилиши мумкинлиги, давлат томонидан бундай тадбиркорларга солиқ, лизинг, кредит тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва преференсиялар берилиши ҳақида гапирганди.

Умиджон МАМАРАСУЛОВ.