Бугуннинг гапи

АНДИЖОНЛИК ФОЛЬКЛОРЧИЛАР АВСТРИЯГА БОРИШИ МУМКИН


09.04.2019   4877

I Халқаро бахшичилик санъати анжумани ўтаётган Термиз шаҳридаги Санъат саройи олдидаги майдондан ўрин олган Андижон павильонидан нафақат сурхандарёликлар, республикамизнинг турли бурчакларидан келган юртдошларимиз, ҳатто чет эллик меҳмонларнинг ҳам кети узилмайди. Айни кунда ушбу анжуманда дунёнинг 74 та давлатидан 160 дан зиёд иштирокчилар қатнашмоқда. Улар орасида таниқли маданият арбоблари, фольклор санъати номояндалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари бор.

Петер Фелч Австриянинг “Kult Eurasia” ташкилотида фаолият олиб боради. Асосан Осиё давлатларининг тарихи, миллий анъаналари ва қадриятларини ўрганиш билан шуғулланиб келаётган тарихчи Андижон павильонидан ўрин олган асори-атиқалар билан қизиқиб қолди.



- Қадимий ёзувларни ўрганиш асосий фаолият туримга киради, - деди у. – Андижон кутубхонасида сақланаётган қўлёзмалар менда катта қизиқиш уйғотди ва вилоятингизга ташриф буюриш истаги пайдо бўлди. Бундан ташқари тарихий буюмлар, ҳаттотлик, кулолчилик намуналарини ўрганиш бош мақсадим бўлади.

- Мен эса санъатингизга мухлис бўлиб қолдим, - дейди ташкилотнинг яна бир вакиласи Даниела Лиебервирз. – Яқин фурсатлар ичида Андижонга сафар уюштираман. Ниятим, фольклор ансамблингизни Австрияга таклиф қилиш ва юртдошларимни мана шундай гўзал, жозибадор, беғубор санъатдан баҳраманд бўлишларига имкон яратиш.

Мирзомуҳиддин Ҳақбердиев Тожикистон Республикасининг Каттақўрғон вилоятидан келган. У ҳаттотлик билан шуғулланади. Андижонлик ҳаттот Мингхожиддин Қосимовнинг ишлари уни мамнун қилди.

-Ёш бўлишига қарамасдан шундай натижаларни қўлга киритаётгани мамлакатингизда ҳунармандчилик соҳасига қаратилаётган эътиборнинг натижасидир,-деди тожикистонлик меҳмон.- Мана шундай фестивалларнинг ташкил этилаётгани бизларнинг ўзаро тажриба алмашиш, билганларимизни баҳам кўришимиз учун хизмат қилмоқда.

Анжуманнинг очилиш маросими ўтган кунда Германия, Бразилия, Канада, Жанубий Корея, Франция делегацияси аъзоларининг ташрифи ва андижонлик вакиллар билан суҳбатлари мазмунли кечди. Адҳамжон Исмонов раҳбарлигидаги Тоҳиржон Болтабоев, Нурилло Соволдиев, Нурилло Камоловларнинг тайёрлаган андижонча оши ҳам меҳмонларга манзур бўлди.

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ.