Андижон 24

АНДИЖОНЛИК 121 НАФАР ХОТИН-ҚИЗЛАР ЯНГИ ЙИЛНИ ЯНГИ УЙДА ҚАРШИ ОЛМОҚДАЛАР


30.12.2020   2569

Республикамиздааҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар кўлами ортиб бормоқда. Айниқса, кам таъминланган, эҳтиёжманд, ногиронлиги мавжуд юртдошларимизнинг жамиятдаги ўрни, мавқеини тиклаш, уй-жой ва даромад манбаига эга қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар қувонарлидир. Жумладан, сўнгги уч йил давомида Андижон вилоятининг ўзида 1031 нафар оғир ижтимоий вазиятдаги хотин-қизларнинг уй-жой билан таъминланишига эришилди.

2020 йил пандемия туфайли аксарият соҳаларда ўзига хос муаммолар юзага келишига қарамай, ҳамюртларимизни ижтимоий ҳимоялаш борасидаги ишлар асло сусайтирилмади. Натижада 164 нафар уйга ўта муҳтож, кам таъминланган, ногиронлиги бўлган хотин-қизларимиз янги уйларга кўчиб ўтдилар.Топширилган уйларнинг 98 таси туман ва шаҳар ҳокимликларининг ҳомийлик маблағлари ҳисобидан қуриб берилиб, беғараз топширилди. Кириб келаётган Янги йил андижонлик 121 нафар опа-сингилларимиз учун қўшалоқ байрамга айланди. Чунки, бугун улар Хўжаобод туманидаги Абдулла Набиев номли массивда қуриб битказилган турар-жой биноларига кўчиб ўтдилар. Кўп қаватли уйларни фойдаланишга топшириш маросимида вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов иштирок этди ва барчани Янги йил байрами билан қутлади. Шундан сўнг янги уй соҳибларига хонадон калитларини топдирди.

-Қувончим ниҳоятда чексиз,-дейди қўрғонтепалик Сурайё Чахалова. –Боиси, Андижон вилоятининг энг баҳаво ҳудудидаги кўп қаватли уйлардан икки хонали масканга эга бўлдим. Уй 20 йил муддатга кредит асосида берилди. Тўловни ўз вақтида тўлаш борасида ҳам муаммога ҳожат қолмади. Боиси, шу ҳудудда қад ростлаётган 300 ўринли ишлаб чиқариш корхонасида ўз фаолиятимни бошлайдиган бўлдим.

Вилоятнинг Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Хўжаобод, Балиқчи, Андижон ва Марҳамат туманларида истиқомат қилувчи ногирон ва меҳнатга лаёқати чекланган, уй-жойга муҳтож фуқаролар учун турар-жой масканида барча шароитлар яратилди. Жумладан, мактаб, мактабгача таълим ташкилоти, маданият саройи, ишлаб чиқариш корхоналари фаолият юритмоқда.

-Қизим Шарофатхон Аҳмаджоновани янги уйга кўчириб келдим,-дейди Андижон туманилик Саидолим ота Қаҳҳоров. –Шароитлари яхши экан. Табиий газ, ичимлик сув ва электр энергиясидан муаммолар йўқ. Хоналар сифатли таъмирланган. Бир оиланинг бекаму-кўст яшаши учун барча шароит муҳайё.

Шуни алоҳида эътироф этиш ўринлики, вилоятда аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасидаги ишлар тобора авж олмоқда. Жорий йилнинг ўзида 142 та кўп қаватли уйлар қурилиб, ўз эгаларига топширилди. 2021 йилда бу кўрсаткич ортиб, аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш даражаси янада юқори кўрсаткични эгаллаши, шубҳасиз.

«auz.uz» online гуруҳи.