Бугуннинг гапи

АНДИЖОНГА ЛИФТ ЗАВОДИ ҚУРИЛСА...


19.10.2019   3093

Вилоятимизда кўпқаватли тураржой бинолари, иқтисодий-ижтимоий аҳамиятга эга бўлган иншоотларнинг барпо этилаётгани лифтга бўлган эҳтиёжни оширмоқда. Яқин вақт ичида янада улкан биноларнинг қад ростлаши инобатга олинса, бу борада жиддий ўйлаб кўрадиган масала кун тартибига чиқади.

Туркиянинг “Yuka лифт” компанияси юқори сифатли лифтлари билан машҳур. У турли йўналишлар бўйича маҳсулот ишлаб чиқаради. Йўловчилар, юк, шифохона, ошхона, ногиронлар, ҳатто автомобиллар учун ҳам қурилмани тайёрлаш имкониятига эга. Бундан ташқари платформа, эскалатор, травалаторлар, гидравлик лифтлари ҳам харидоргир.

“Очиқ Андижон” 1-Халқаро инвестицион форумида иштирок этаётган компания вакили Исмет Талюкнинг таъкидлашича, маҳаллий тадбиркорлар билан ўзаро фойдали ҳамкорликни йўлга қўйиш учун қулай имконият яратилди.

- Мен форумдан яхши таассуротлар оляпман, - дейди у. – Барчаси яхши ташкил этилган. Тадбиркорлар билан учрашувларимиз самарали кечяпти. Марҳамат туманида лифт ишлаб чиқариш корхонасини барпо этиш бўйича таклиф бўлди. Имконият ва шарт-шароитларни ўрганиб, бу борада ижобий натижаларга эришамиз деган умиддаман.

Дарҳақиқат, лифт қурилмасини ўзимизда ишлаб чиқарилиши вилоятимиз, қолаверса, қўшни вилоятлар ҳамда давлатларга ҳам етказиб бериш имкониятини вужудга келтиради. Бу эса қўшимча иш ўринлари яратилишига олиб келади.

Форумда қатнашаётган тадбиркорлар ўзларининг фаолиятларини ривожлантириш, хорижий технологиялар ва инвестицияларни жалб этиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни таклиф этишда ҳамкорлар топишни мақсад қилганлар. “Андижон бройлер” фермер хўжалиги вилоятнинг олис Улуғнор туманида жойлашган. Яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланган тадбиркор қисқа фурсатда бройлер товуқларини етиштириб, ички бозорларга етказиб беришни йўлга қўйди. Айни кунда тармоқларни кенгайтириш орқали озуқа ишлаб чиқариш цехи, инкубатория, наслчилик йўналишлари бўйича замонавий технологияларни жалб этиш кўзланган.

- Германиядан 200 бош наслли қорамоллар келтиряпмиз, - дейди хўжаликнинг ташқи алоқалар бўйича мутахассиси Фаррухбек Бузруков. – Уларнинг технологияси бўйича барча шароитлар яратилган. Шундан келиб чиқиб, чет эл инвестициясини жалб этган ҳолда сутни қайта ишлаш корхонаси қуриш ва аҳолининг сифатли, арзон маҳсулотга бўлган талабини қондириш режалаштирилган. Хўжалигимизга кластер усулини жорий этамиз. Етиштирилаётган хом-ашё тайёр бўлиб истеъмолчига етиб бориши йўлида изланяпмиз. Уларни хорижга сотиш чораларини кўряпмиз. Шу кунларда қўшни Қирғизистонга парранда гўштини сотиш бўйича келишувга эришдик.

Мақсадлар амалга ошадиган бўлса, хўжаликда мингдан зиёд ишчи ўринлари яратилади. Аҳолининг сут маҳсулотлари ва парранда гўштига бўлган эҳтиёжи қондирилади. Экспорт хажмининг ошиши эвазига янги технологиялар инвестицияси жадаллашади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, форумда иштирок этаётган қатнашчиларнинг кўпчилиги Ҳиндистондан ташриф буюрган. Унинг сабабини “Midori connecting through craft” компанияси вакили Жулие Дебнинг сўзларидан сўнг бироз англагандек бўлдик.

- Андижонга келиб тушганимдан сўнг ўз юртимга қайтиб келгандек бўлдим, - дейди у. – Ҳаммаси деярли ўхшаш. Одамлари меҳрибон, меҳмондўст. Ҳатто кийинишлари ҳам бир хил десам муболаға бўлмайди. Мода, дизайн, парфюмерия билан шуғулланувчи турли компанияларнинг 12 нафар вакили билан форум доирасида шароитларни ўрганиш мақсадида ташриф буюрдик. Маълумот беришларича, бу йўналишда ҳамкорлик қилиш ўзининг самарасини беради. Келгусида инвестиция жалб этиб, корхоналаримизнинг филиалларини очиш истагидамиз.

Қизғин тарзда ўтаётган форумда 5 та йўналиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш, сайёҳлик, тўқимачилик, автомобилсозлик ва фармацевтика салоҳиятини ривожлантириш имкониятлари инвесторлар билан муҳокамада бўлади.

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ,

«auz.uz» online гуруҳи.