Андижон 24

АНДИЖОНДАГИ ТУБ БУРИЛИШ: ВИЛОЯТНИ ЁШЛАР БОШҚАРАДИ


05.01.2020   17540

Андижон вилояти ҳокимининг ёшлар билан навбатдаги учрашуви бугун, январь ойининг бешинчи санасида, Хўжаобод туманида бўлиб ўтди.

Шуҳратбек Абдураҳмонов муҳим тадбирларни мухташам заллардан очиқ ҳавога кўчирганига анча бўлди. Шундай қилинса, амалий аҳамияти, таъсирчанлиги, табиийлиги ортишини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Қолаверса, бу вилоят раҳбарининг иш услубига хос.

Учрашувда таълим олаётган ҳамда уюшмаган ёшлардан 400 нафари иштирок этди. Нега энди Хўжаобод? Туманда бугун катта-катта, залворли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шуларнинг бири йиллик қуввати 3 миллион тоннага тенг цемент заводи лойиҳасидир. У Дўстлик ва Абдулла Қаҳҳор массивлари ҳудудида бажарилмоқда. “RASH-MILK” масъулияти чекланган жамияти хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда барпо этаётган корхонанинг қиймати 110 миллион долларга тенг. Корхонанинг биринчи навбати жорий йилнинг декабрида ишга туширилади. Иккинчи навбати эса 2022 йилга мўлжалланган. Заводнинг аҳамияти унда яратилажак 800 та иш ўрни билан чекланмайди. Келажакда корхона томонидан ишчилар учун бутун бир шаҳарча бунёд этилади. Шу каби истиқболли лойиҳаларга ёшлар шижоати, заковати билан ҳисса қўшишлари зарур, деган фикр билдирилди.

Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ўтказган ёшлар билан учрашуви қайта-қайта тилга олинди. Хусусан, Юртбошимизнинг “2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш бўлади”, деган сўзларини Андижон ёшлари олқишлар билан қарши олганликларини изҳор этдилар.

Абдулазиз Якубов, Тошкент Турин политехника университети битирувчиси:

-Мен 2018 йилда Ўзбекистонда биринчи бўлиб “Робокот” робототехника бўйича дастурлаш ўқув курсини ташкил этганман. Бу Президентимиз илгари сурган беш ташаббуснинг учинчи йўналишига мос келади. Ўтган қисқа давр мобайнида бизнинг ўқувчиларимиз робототехника бўйича Кореяда бўлиб ўтган халқаро мусобақада муносиб иштирок этдилар. Тошкент шаҳрида ўтказилган мусулмон давлатлари ўртасидаги мусобақада эса кучли саккизликка киришга муваффаққ бўлганлар. Президентмизнинг чақириғи ва бизга бўлган ишончига муносиб жавоб берамиз. Ўз йўнаишим бўйича энг илғор ва инновацион ғояларни амалга оширишга астойдил ҳаракат қиламан. Бугунги мулоқотда вилоятимиз ҳокими таклифларимини маъқуллади.

Асилбек Мадаминов, Осиё чемпиони:


-Якунланган йилда Малайзияда ўтказилган каратэ бўйича Осиё чемпионатида ғолиб бўлдим. Бу ютуғим Президентимиз томонидан юқори баҳоланиб, грант асосида Тошкент давлат юридик университетга ўқишга қабул қилиндим. Етиб бўлмас кўринган орзуимга эришдим. Мен қатори яна 76 нафар андижонлик тенгдошларим шундай бахтга сазовор блдилар. Президентимизга миннатодорлик билдириб, Ўзбекистон шарафи учун астойдил курашаман.

Ёдгорбек Мадаминов, Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали магистранти:

-Юртбошимизнинг Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ўтказган ёшлар билан учрашувида иштирок этиб, жуда катта таассурот олдим. Ўқиш баробарида вилоятимиз тараққиётига ҳисса қўшиш нияти туғилди. Ёшлар қурилиш отрядига аъзо бўлдим. Бугун Хўжаободда қурилаётган корхона ҳудудида боғга асос солинди. Вилоят ҳокими билан бир қаторда туриб эккан ниҳолимиз ўз мевасини беради, албатта.

Учрашувда сўз олган “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Ўктам ака Охунов ҳаётий мисоллар орқали ёшларни шижоатли, ғайратли, қатъиятли бўлишга, ўз тақдирини ўз қўллари билан яратишга ва давлатимиз томонидан тақдим этилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишга чақирди.

Бу ўртада Хўжаобод тумани бандликка кўмаклашиш маркази мутасаддилари янги корхонада ишлаш истагидаги ёшларнинг ҳисобни олиб борди.

-Барча учун иш топилади, истак ва шижоат бўлса бас, -дейди марказ мутахассиси Бобуржон Муродалиев.

Тадбир ва таасуротларга бой бўлган учрашув кун мобайнида давом этди. Норасмий тарздаги суҳбатларда эртанги кунимиз бунёдкорлари ўз салоҳиятини намойиш қилибгина қолмай, амалий аҳамиятга эга таклиф ва ташаббусларини илгари сурдилар. Бир кунга бўлса ҳам вилоятни бошқаришни ёшларга ишониб топшириш – шулар жумласидан.

Оқшомда эса хушовоз хонандалар Муродил Ҳакимов, Муҳайё Тожиматова, Аъзамжон Султонов, Сарварбек Азимов, Акбар Жамолдинов ҳамда вилоят маданият бошқармаси қошидаги “Друм шоу” доирачилар гуруҳи иштирокида катта концерт дастури намойиш этилди. Гулҳан атрофида ёшлар дискотекаси ташкил этилди. Тунги осмонга фонуслар учирилиб, мушаклар отилди.

«auz.uz» online гуруҳи.