ЖАМИЯТ

АНДИЖОНДАГИ ФҲДЁ БЎЛИМЛАРИГА 20 КУНДА 4200 ТА МУРОЖААТ КЕЛИБ ТУШДИ


23.04.2020   4827

Андижон вилоятининг туман (шаҳар) ФҲДЁ бўлимларига жорий йилнинг 1 апрел кунидан 21 апрель кунига қадар 4 211 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларга асосан 3412 та туғилганлик ҳамда 751 та ўлим ҳолати қайд қилинган. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Бошқарманинг ФҲДЁ органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш бўйича бош маслаҳатчиси Гулзодахон Латипжонованинг айтишича, 25 мартдан буён ФҲДЁ бўлимларида ходимларнинг навбатчилиги асосида кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлардагина туғилиш ва ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувларини қайд қилиш ташкил қилинган дарча орқали амалга оширилмоқда.

Коронавирус инфекцияси тарқалиши туфайли бир қатор ташкилот ва муассасалар фаолият кўрсатиши вақтинчага тўхтатилди. Карантин эълон қилинган кундан бошлаб давлат ташкилотларига кириб-чиқиш қатъий назоратга олинди.

Хусусан, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари томонидан ҳам фуқароларга хизмат кўрсатиш турлари қисқартирилди. Жумладан, никоҳ тузилганлиги, ажралганлик ва шунга ўхшаш хизмат турлари бўйича вақтинча хизмат кўрсатилмайдиган бўлди.

Айрим кечиктириб бўлмайдиган хизматлар, яъни туғилиш ва ўлимни қайд этиш хизматлари санитария-гигиена талабларига риоя қилган ҳолда амалга оширилмоқда.

ФҲДЁ органлари Давлат хизматлари агентлигининг тасарруфига ўтказилган кундан бошлаб, 21 апрель кунига қадар туман шаҳар ФҲДЁ бўлимлари томонидан 3444 та туғилганлик ҳамда 741 та ўлим ҳолати қайд қилинган. Бундан ташқари узоқ йиллардан буён шаръий (норасмий) никоҳ асосида яшаб келаётган 16 та оиланинг никоҳлари белгиланган тартибда қонунийлаштирилган.