Андижон 24

АНДИЖОНДАГИ «АНДИЖОН АВТОТЕХ» АВТОСАЛОНИДА ЁНҒИН СОДИР БЎЛДИ (+ФОТО)


05.08.2019   1153

Андижон шаҳрининг Айланма кўчасида жойлашган «Андижон автотех» масъулияти чекланган жамияти автосалонида ёнғин содир бўлди Бу ҳақда «auz.uz» мухбири хабар бермоқда.

Вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳодиса 3 август куни соат 22:10 да рўй берган бўлиб, навбатчилик қисмига 22-15 да хабар келиб тушган. Орадан 7 дақиқа ўтиб, ёнғинни ўчириш бўлинмалари воқеа жойига етиб борган.

Маълум бўлишича, автосалон мамурий биноси иккинчи қаватининг тахминан 70 квадрат метр миқдордаги ички ёғоч қопламаси, шифт қисми ва хона жихозлари ёнган.

Ёнғин соат таҳминан 22:27 да қуршаб олинган ва 28 дақиқада ўчирилган. Бўлинмалар томонидан 200 квадрат метр майдон офатдан сақлаб қолинган. Ёнғинни бартараф этишда 5 та экипаж ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарув отряди иштирок этган.

Ҳодиса оқибатида қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқлиги айтилмоқда. Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва кўрилган зарар миқдори аниқланмоқда.

Маълумотларга кўра, жамиятда 2019 йилнинг 25 январь куни шаҳар ёнғин хавсизлиги бўлими инспектори, лейтенант Р.Хайитжўжаев томонидан (тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларда) ёнғин профилактик кўриги ўтказилиб, маъмуриятга 15 банддан иборат тавсияномалар маълумотномаси берилиб, огоҳлантирилган.