Андижон 24

АНДИЖОНДАГИ 764 ТА МАКТАБДА БИТИРУВ КЕЧАЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ (


25.05.2021   2542

Бугун мамлакатимиздаги барча умумий ўрта таълим муассасаларида, жумладан, вилоятимизда ҳам 2020-2021 ўқув йили расман якунланиб,«Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари ўтказилмоқда.

Жорий йилда вилоятдаги 764 та умумтаълим мактабнинг 36 минг 488 нафар битирувчиси катта ҳаётга қадам қўйяпти.

Андижон шаҳридаги 4200 нафар ўқувчи таҳсил олаётган 13-умумтаълим мактабида ҳам сўнгги қўнғироқ тадбири бўлди.

Тадбирда вилоят хокими Шуҳрат Абдураҳмонов қатнашиб,Президентимиз томонидан битирувчиларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди ва уларга оқ йўл тилади.

Ўқув йили мобайнида республика ва халқаро фан олимпиадалари, мусиқа танловлари ва спорт мусобақаларида муваффақиятли иштирок этган, билимлар беллашувида фаол қатнашган ўқувчилар, аъло баҳоларга ўқиган, намунали хулққа эга бўлган, босқичли назорат имтиҳонларидан озод бўлган ёшлар фахрий ва мақтов ёрлиқлари билан тақдирландилар. Шунингдек, йигит-қизларга Андижон фарзанди – шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб «Бобурнома» асарининг янги нашри туҳфа этилди.

Ҳар бир инсоннинг энг самимий, беғубор ва ёрқин хотиралари унинг болалик йиллари, айниқса, мактаб даври билан бевосита боғлиқ. Янги ҳаётгақўйилган илк тўғри қадам – ўқувчилик йилларида олинган билим ва тарбиянинг ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши, қолаверса, ота-оналар, устоз ва мураббийлар билан бамаслаҳат иш тутиши мукаммаллик кашф этади.

Пандемия сабабли қайсидир мактабларда карантин жорий этилган. Қайсидир билим масканларида эса белгиланган тиббий-санитария қоидаларига қатъий амал этган ҳолда ўқув йили якунига бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. Бироқ нима бўлган тақдирда ҳам ўғил-қизларнинг билимга чанқоқлиги, тиришқоқлиги, интилувчанлиги, ўқишга, китобга меҳри ортиб бормоқда. Гарчи мактабларда ўқув йили ниҳоясига етса-да, билим ва камолот йўлидаги эзгу изланишлар давом этаверади!

Шу ўринда биз ҳам, мактаб остонасидан катта ҳаётга қадам қўяётган барча битирувчиларгамақсад сари интилувчанлик, теран тафаккур доимий йўлдош бўлишини тилаймиз!

«auz.uz» online гуруҳи.