Спорт

АНДИЖОНДА ЖУРНАЛИСТЛАР ҲАМДА ОАВ ХОДИМЛАРИ ЎРТАСИДА ШАХМАТ МУСОБАҚАСИ ЎТКАЗИЛДИ


23.01.2021   1277

Андижонда оммавий ахборот воситалари, нашриёт ва матбаа корхоналари ходимлари ҳамда фахрий журналистлар ўртасида шахмат мусобақаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 14 январдаги “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Андижон вилоят бўлими ҳамда “Ҳамкорбанк” акциядорлик тижорат банки ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақа ҳақиқий шахмат байрамига айланди.

- Мамлакатимизда эълон қилинган шахмат ойлиги доирасида ташкил этилган мусобақада соҳа вакиллари катта қизиқиш билан иштирок этди, - дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Андижон вилоят бўлими раиси Назиржон Саидов. – Мусобақа Президентимизнинг юқорида қайд этилган қарори ижросини таъминлаш, қолаверса, шахматнинг оммавийлигини янада орширишга хизмат қилади.

Эркаклар ва аёллар ўртасида олимпия тизимида ўтказилган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, “Иқбол” газетаси жамоатчи мухбири Хадятулло Собирхўжаев биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ўрин “Жалақудуқ ҳаёти” газетаси ходими Отабек Шокировга, учинчи ўрин фахрий журналисти Ашурали Маматовга насиб этди. Аёллар ўртасидаги баҳсларда “Тасвирий ойна” уюшмаси вилоят бўлими ходимаси Мунисахон Сулаймонова биринчи ўринга сазовор бўлди.

- Оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасида шахмат мусобақаси жуда чиройли ўтди, - дейди мусобақа ғолиби Хадятулло Собирхўжаев. – Ушбу мусобақа соҳа ходимларини янада жипслаштирди, энг асосийси, шахматнинг оммавийлигини оширишга қаратилган эътибор мен каби шахмат ихлосмандларини жуда хурсанд қилди.

Тажрибали устозлар билан тош суриш, мусобақада ғолиб бўлиш осон кечмади, албатта. Ёш бўлсам-да ғолиблик учун астойдил ҳаракат қилдим. Ушбу муваффақият мени янги янги марралар сари ундайди.

Ғолиб ва совриндорлар мусобақа ташкилотчиларининг фахрий ёрлиғ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, “Энг ёш шахматчи”, “Энг фаол шахматчи”, “Энг ёши улуғ шахматчи” сингари номинациялар бўйича ҳам бир гуруҳ иштирокчилар рағбатлантирилди.