Андижон 24

АНДИЖОНДА «YANGI NAFAS» ОММАВИЙ СПОРТ МУСОБАҚАСИ БЎЛИБ ЎТДИ


12.03.2023   838

Наврўз байрами муносабати билан ташкил этилган «Yangi Nafas» спорт тадбирида ўн мингдан зиёд андижонликлар иштирок этди.

Бугунги кунда оммавий югуриш мусобақаси Марказий Осиёда ташкиллаштирилган оммавий спорт тадбирларидан бирига айланди. Боиси, Ўзбекистоннинг 15 та шаҳридан 50 мингдан зиёд иштирокчи Наврўз байрами арафасида ташкил этилган «Yangi Nafas» спорт оммавий югуриш мусобақасида бирлашди.

Андижон, Бухоро, Гулистон, Жиззах, Қарши, Қўқон, Навоий, Наманган, Нукус, Самарқанд, Тошкент, Термиз, Урганч, Фарғона ва Чирчиқ аҳолиси «Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда — бирга югурамиз» шиори остида ўтказилган ушбу спорт-ватанпарварлик тадбирида иштирок этмоқдалар.

«Yangi Nafas» оммавий югуриш мусобақалари тобора ҳақиқий халқ ҳаракатига айланиб бормоқда, десак муболаға бўлмас. Адолатли рақобат шартларини таъминлаш мақсадида оммавий югуриш пойгаларида профессионал бўлмаган югуриш ҳаваскорлари ҳамда имкониятлари чекланган югурувчилар ўз кучини ва кўникмаларини синаб кўриш имкониятига эга бўлдилар.

Спорт байрамида вилоят ҳокими ҳамда ташкилотчилар томонидан барча иштирокчиларга мусобақа рамзи туширилган футболкалар, ғолибларга эса — медаллар ва эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, «Yangi Nafas» оммавий югуриш мусобақаси доирасида санъаткорлар томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди.

Мамлакатимизда Наврўз байрамлари арафасидакенг кўламли спорт тадбирларининг ўтказилиши сўнгги йилларда хайрли анъанага айланиб қолган. Спорт юртнинг янги авлоди ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Спорт соҳасидаги ютуқлар барчада ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш учун хизмат қилади.

«andijonnoma.uz» online гуруҳи.