«102» хабарлари

АНДИЖОНДА УЙИДА БИР КИЛОГРАММГА ЯҚИН МАРИХУАНА САҚЛАГАН ШАХС ҚЎЛГА ОЛИНДИ


06.05.2020   3588

2020 йил 4 май куни ўтказилаётган «Қорадори—2020» тезкор-профилактик тадбири давомида Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида яшовчи Ш.М.нинг хонадонида 840 грамм “Марихуана” гиёҳвандлик моддасини сақлаб келаётганлиги аниқланди.

Андижон вилоятида ички ишлар бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, карантин даврида ҳам гиёҳвандликка қарши курашиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилиб, турли жиноятларнинг олди олинишга ҳаракат қилинмоқда. Жумладан «Қорадори—2020» тезкор-профилактик тадбирлари ҳам белгиланган тартибда ўтказилмоқда.

4 май куни Жалақудуқ тумани ИИБ ҳамда туман ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида профилактика инспектори катта лейтенант Шавкатбек Абдулҳафизов туманнинг Иттифоқ маҳалласида яшовчи фуқаро Ш.М. хонадонида умумий оғирлиги 775 грамм бўлган хўл холдаги “Марихуана” гиёҳвандлик моддасини ноқонуний сақлаб келаётганлиги аниқлаган. Шунингдек, олиб борилган профилактик тушунтириш ишлари давомида Ш.М. томонидан яна умумий оғирлиги 65 грамм бўлган қовурилган “Марихуана” гиёҳвандлик моддаси тақдим қилинган.

Ҳолат юзасидан Жалақудуқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ш.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми «а» банди (ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда гиёҳвандлик воситаларини кўп миқдорда тайёрлаш, эгаллаш сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.