Бугуннинг гапи

АНДИЖОНДА ЎТКАЗИЛГАН ХАЛҚАРО ФОРУМДА 250 МИЛЛИОН ДОЛЛАРЛИК ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ БЎЙИЧА ШАРТНОМАЛАР ИМЗОЛАНДИ


20.10.2019   8447

19 октябрь куни, Андижон шаҳрида "Open Andijan” (“Очиқ Aндижон") биринчи халқаро инвестиция форуми ўтказилди. Унда фармацевтика, автосаноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, енгил саноат йўналишлари бўйича жами 250 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестицион лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишув шартномалари имзоланди.

Ташқи ишлар вазирлиги, инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда савдо саноат палатаси ҳамкорлигида ўтказилган форумда 30 га яқин мамлакатдан 500 дан ортиқ тадбиркор ва инвесторлар иштирок этдилар. Форумда юзга яқин тадбиркорни бирлаштирган Ҳиндистоннинг Гужарат штати бош вазири Вижай Рупани бошчилигидаги делегация аъзолари фаоллик кўрсатди.

Форумнинг расмий очилиш маросими Андижон шаҳридаги “Ёшлар маркази”да бўлиб ўтди. Унда вилоятнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш, туризм, автомобилсозлик, фармацевтика, тўқимачилик саноати соҳаларидаги ютуқ ва лойиҳаларни амалга ошириш учун мавжуд имкониятлар тўғрисида тақдимот қилинди.

Савдо-саноат палатаси биносида ташкил этилган кўргазмада эса иштирокчиларга "Ўзавтосаноат" AК, "Aндизансилко" ҚК, "Сабо" МCҲЖ,"Ҳамкор" МЧЖ,"Неил Граните”,МЧЖ “Макрофарм” каби экспорт компаниялари ўзларининг маҳсулотлари намойиш этилди. Айнан шу ерда хорижий инвесторлар, халқаро молия институтлари вакиллари ва вилоят тадбиркорлари иштирокида инвестицион лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди. Музокаралар якунлари бўйича шу куннинг ўзида Г2Б ва Б2Б форматида аниқ келишув ва шартномалар имзоланди.

Шунингдек, форум давомида Ҳиндистоннинг “Cadila Pharmaceuticals Limited” компанияси билан 2019 йилдан 2022 йилгача Aндижон фармацевтика зонасида 50 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар билан интеграциялашган фармацевтика ишлаб чиқаришни босқичма-босқич амалга ошириш тўғрисида битим имзоланди.

Форум доирасида Белоруссиянинг Гродно ва Могилев вилоятлари билан ҳам савдо-иқтисодий, илмий, технологик ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисидаги битимларни амалга ошириш бўйича йўл хариталари тасдиқланди.

Форум якуни бўйича савдо-саноат палатасида хорижий ва оммавий ахборот воситалари, блогерлар учун вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирокида матбуот анжумани ҳам ташкил этилди.

- Бугунги форум давомида самарали натижаларга эришдик, - деди Шуҳратбек Абдураҳмонов. – Айни пайтгача фармацевтика, автосаноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, енгил саноат каби 17 йўналиш бўйича жами 250 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестицион лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишув шартномалари имзоланди. Агарда лойиҳалар ишга туширилса ўртача беш ёки олти минг нафар андижонликнинг бандлиги таъминланади. Бундан ташқари ҳозирда тўғридан-тўғри инвестиция киритиш истагини билдираётган ҳамкорларимиз сони ҳам тобора ортиб бормоқда. Ўйлайманки, биз ўз мақсадимизга эришаяпмиз.

Форум давомида Андижон шаҳридаги Жоме мажмуасида меҳмонлар учун қишлоқ хўжалиги ҳамда ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.

«auz.uz» online гуруҳи.