Андижон 24

АНДИЖОНДА ЎРТА ОСИЁДАГИ ЭНГ БАЛАНД ЯНГИ ЙИЛ АРЧАСИ ҚАД РОСТЛАДИ (+ФОТОРЕПОРТАЖ)


24.12.2020   6487

Юртимизда янги йил шукуҳи кезяпти. Айниқса, Андижон тунда чроғонлиги билан севимли байрам эшик қоқиб келаётганидан дарак бермоқда.

Андижон шаҳрининг марказига Ўрта осиёдаги энг баланд 52 метр улкан ва салобатли арча ўрнатилган бўлиб, ранг-баранг ўйинчоқ ва чироқлар билан безатилган. Камалакранг чироқлар, ялтироқ ўйинчоқлари билан товланиб борлиққа нур сочяпти. Арча атрофида Қорбобо ва Қорқиз, эртак қаҳрамонлари барчани ўйинга чорлайди. Болажонларнинг кўзлари порлаб, юзларига табассум балқийди. Ўйин-кулгу авжида. Таниқли хонандалар ижро этилган куй-қўшиқлар, цирк усталарининг ранг-баранг чиқишлари, ақлни чархловчи турли ўйинлар, тез айтишлару топишмоқлар байрамга янада жўшқинлик бағишлаяпти. Турли эртак қаҳрамонлари болажонларни сирли оламга етакламоқда.

- Янги йил бошқа байрамлардан кўра менга кўпроқ ёқади, - дейдиқўрғонтепалик меҳмон Бобуржон Қўлдошев. – Сабаби мўъжизаларга ишониб, болаликка қайтамиз. Бугун фарзандларим билан«баланд арча»ни кўриш учун келдик.Байрам шодиёналари кайфиятимизни хуш этди. Шундай тадбирларни ташкил қилган барча ташкилотчиларга рахмат.

Арча атрофида вилоят маданият бошқармаси, ёшлар театри, қўғирчоқ театри, шунингдек, кўплаб бадиий жамоалар, фольклор-этнографик ансамбллар юртимиздаги тинчлик ва осойишталик, обод турмуш манзаралари ҳамда одамлар онгу шууридаги туб ўзгаришлар, яратувчанлик, бунёдкорлик ишларини акс эттирган қизиқарли дастурларни намойиш этишмоқда. Бундай эзгу ҳаракатлар нафақат болажонларга балки катталарга ҳам бирдек завқ улашмоқда.

Юртдошларимизга қулайлик яратиш мақсадида шу жойда арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилган.

Аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатини янада юксалтириш, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳамда байрам совғаларини арзон нархларда етказиб бериш мақсадида таъминотчи корхона, агрофирма ва фермер хўжаликлари бириктирилган.

- Байрамона безатилган кўча ва хиёбонлар баҳри дилингни очади, - дейди Андижон шаҳрида яшовчи Фотимахон Муталибова. – Янги йилга муносиб тайёргарликкўпчиликка шоду-хуррамлик бахш этяпти. Халқимизда бир гап бор-ку, янги йилни қандай кутуб олсанг, йил бўйи шу кайфият тарк этмайди.

Ранго-ранг панно ва чироқлар билан безатилган Андижон шаҳри кўчаларибарча қатори меҳмонларга ҳам бир олам завқ-шавқ, кўтаринки кайфият улашмоқда. Одамлар қалбида фараҳбахш кунлар учун шукроналик ҳиссини ошириб, эзгу ниятлар уйғотмоқда.

Янги йил тадбирлари вилоятимизнинг барча ҳудудларида кўтаринкилик билан ўтказилмоқда.

Рустамжон ЭШОНОВ.

Элёрбек МАМАЖОНОВ олган суратлар.