Андижон 24

АНДИЖОНДА ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ УМУМХАЛҚ БАЙРАМИ СИФАТИДА КЕНГ НИШОНЛАНДИ (+ФОТОРЕПОРТАЖ)


01.10.2021   2675

Бир неча йилдирки, юртимизда 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. Халқимизнинг устоз отангдек улуғ, деган пурҳикмат нақлида ҳам ўқитувчи ва мураббийларга бўлган самимий эҳтиром намоён. Бу байрам, аввало, ўзининг билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳорати, инсоний фазилатларини, кўз нури ва қалб қўри, бутун борлиғини аямасдан, маърифат йўлида беминнат хизмат қиладиган устоз ва мураббийларимизга нисбатан халқимизнинг азалий ҳурмат-эҳтиромининг яққол намунасидир.

«Ўқитувчи ва мураббийлар куни» Андижонда ўзгача кайфиятда, ҳамжиҳатликда нишонланди. Ушбу тантана спортнинг чим устида хоккей турига ихтисослашган "Баркамол авлод" номли муҳташам спорт саройида ташкил этилди. Андижоннинг унутилмас оқшомида ўйингоҳ нуру зиёга лиммо-лим бўлди.
Вилоят раҳбари бошчилигида мусиқа садолари остида устозларга гулдасталар тақдим этилди.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов муҳтарам Президентимизнинг соҳа эгаларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Тадбирда кўплаб фидоий устоз ва мураббийлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноандавлат мукофотлари ҳамда вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Шунингдек, вилоятнинг намунали мактабларига умумий қиймати 5 миллиард бўлган спорт анжомлари топширилди.

Байрам учун тайёрланган махсус концерт дастури, санъаткорларнинг ҳар бир чиқишлари касб эгаларига чинакам байрам туҳфаси бўлди.
Таълимни муаллим беради, тарбияни мураббий, дарсни мударрис ўтади, бу учала улуғликни ўзида мужассам этган улуғ зот эса-устоз деб аталади!

Минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини сочадиган, ўз ўқувчиларига ҳаёт мактабини берадиган мўтабар зот – ўқитувчи ва мураббийларимизга бугунги касб байрамингиз муборак бўлсин, деймиз!

«auz.uz» online гуруҳи.