Андижон 24

АНДИЖОНДА ТИББИЙ-ИЖТИМОИЙ ХИЗМАТ СИФАТИ ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРИЛМОҚДА


07.04.2021   661

Андижон вилояти тиббий-ижтимоий хизматлар бўлими ташаббуси билан вилоят болалар қўғирчоқ театри биносида 7 апрель – Бутунжаҳон саломатлик кунига бағишланган тадбир ташкил этилди. Унга юздан зиёд пенсионерлар, ногиронлиги бор ҳамюртларимиз таклиф этилдилар.

Тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, мамлакат миқёсида, жумладан, Андижонда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар хусусида тўхталди.

Айтиш мумкинки, Президентимизнинг шу йил 25 мартдаги “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда шу йил 25 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори айни соҳа билан боғлиқ жараёнларни янги босқичга кўтариши билан катта аҳамиятга эга. Зикр этилаётган тадбир Андижонда юқоридаги ҳужжатлар ижроси йўлида ташланган биринчи дадил қадам бўлди.

Тадбирда шаҳар ва туман тиббий-ижтимоий хизматлар шўъбалари рўйхатида турган юртдошларимизнинг 50 нафарига саломатликларини тиклабкелишлари учун санаторийларга йўлланма,50 нафарига ногиронлар аравачалари, яна 20 кишига эшитиш мосламалари тақдим этилди.