ЖАМИЯТ

АНДИЖОНДА ТАРМОҚҚА УЛАШ УЧУН ПОРА ТАЛАБ ҚИЛГАН ГАЗ ХОДИМИ УШЛАНДИ


15.04.2019   1875

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти Шаҳрихон туманлараро газ таъминоти участкаси ходими А.А. фуқаро Д.А.нинг яшаш хонадонига тортилган газ қувурини табиий газ тармоғига улаб, табиий газ етказиб бериш учун 2 миллион 30 минг сўм тўлов борлигини айтиб, ушбу пулларни талаб қилгани аниқланган. Бу ҳақда бюронинг вилоят бошқармаси матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Аслида эса бу хизмат учун 18 минг 587 сўм тўлов мавжуд бўлсада, хизмат мавқеидан фойдаланиб, А.А. фирибгарлик йўли билан пулларни олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бюронинг вилоят бошқармаси томонидан фуқаро А.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисм “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тегишли тартибда вилоят прокуратурасига юборилган.