ЖАМИЯТ

АНДИЖОНДА ТАБИИЙ ГАЗ ҲИСОБЛАГИЧЛАР БЕПУЛ ЎРНАТИЛМОҚДА


17.05.2020   3001

Андижонда табиий газ таъминотини бошқаришнинг автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизими жорий этилмоқда.


Мутахассисларнинг таъкидлашича, АСКУГ тизими табиий газни тўлиқ, аниқ ва ишончли ҳисобга олинишини таъминлаш, шунингдек, табиий газ таъминотидаги йўқотишларни камайтириш ва истеъмолчиларнинг тўлов маданиятини оширишга хизмат қилади.

АСКУГ тизимини жорий этиш ишлари, яъни янги ускуналар Андижон шаҳрининг “Ёйилма” маҳалласидаги кўп қаватли уйларга, “Мустақилликнинг 20 йиллиги” маҳалласидаги хонадонга ўрнатилмоқда. Ҳар бир кўп қаватли уйнинг бир соат давомидаги газ сарфи ҳажми ва хонадонлардаги газ жиҳозларнинг сони ҳисобга олиниб, замонавий газ ҳисоблаш ускуналарини турли модификацияларини ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.


– Бугунги кунда табиий газ таъминоти идоралари ходимлари олдига газ истеъмоли тизимида юқори тежамкорликка эришиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш каби муҳим масалалар қўйилмоқда, – дейди “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ Бош директори Давронбек Салоҳитдинов. – Мамлакатимизнинг қатор ҳудудларида тажриба тариқасида синовдан ўтган замонавий газ ҳисоблаш ускуналарини ўрнатиш ана шу йўналишдаги ишлардан биридир. Ҳисоблагичлар аҳоли учун бепул ўрнатиб берилмоқда.

Қатор қулайлик ва афзалликлари билан янги ҳисоблагичлар истеъмолчиларга манзур бўлди. Инсон омилини қисқартиришда қўл келувчи ушбу ҳисоблагичлар сим-карта ўрнатилган ҳолда фойдаланишга топширилади. Сим-картанинг асосий вазифаси, ишлатилган табиий газ ҳажми ҳақидаги маълумотларни онлайн режимда марказий серверга узатиш ҳисобланади. Шу орқали маълумот биллинг тизимига автоматик равишда узатилади. Бу ўз навбатида истеъмолчиларда тўлов маданиятини ошириши билан бир қаторда тўлов тизимида шаффофликни ҳам таъминлайди.

Ушбу ҳисоблагичларнинг яна бир қулайлиги шундаки, ишлатилган табиий газ учун қарздорлик пайдо бўлишига яқин қолганда пул тўлаш лозимлиги тўғрисида истеъмолчининг мобил телефонига автоматик тарзда хабар юборади ва ҳисоблагичда қарз юзага келиши билан автоматик тарзда тўлов қилингунга қадар истеъмолчига газ бериш тўхтатилади.

Айни кунларда истеъмолчиларга қулай ва карантин қоидаларига қатъий амалга қилган ҳолда тегишли ҳужжат ва шартномалар расмийлаштирилмоқда. Газ таъминоти тизими мутахассислари янги ҳисоблагичларни ўрнатишда карантин ва коронавирус юқиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган барча тартибларга қатъий амал қилмоқда.

Жорий йилда Андижон вилоятида 64 минг дона ана шундай замонавий ҳисоблагичлар ўрнатилиши режалаштирилган. Умуман, вилоятда 221 мингга яқин истеъмолчиларга замонавий ҳисоблагичлар бепул ўрнатиб берилади.

Манба: ЎзА.