Жамият

АНДИЖОНДА СУДЛАР НЕГА КАМЧИЛИКЛАРГА ЙЎЛ ҚЎЙДИ?


13.03.2019   907

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти судида шаҳар ва туман судлари фаолияти самарадорлигини оширишга бағишланган ўқув-семинари ўтказилди. Унда ўтган йил мобайнида соҳада йўл қўйилган камчиликлар сарҳисоб қилинди, дея хабар бермоқда вилоят суди судья катта ёрдамчиси Сардор Умаров.

- Тан олиш керак, ҳар бир инсон қайси касбда хизмат қилмасин, барибир хато қилади, - дейди Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди раиси ўринбосари Адҳамжон Мирзаев. - Бироқ, суд тизими ходимларининг хато қилишга ҳаққи йўқ. Афсуски, соҳа вакиллари қонун илмининг билимдонлари бўлишига қарамай ўз хизмат фаолиятига беэътибор қараб, камчиликларга йўл қўймоқда. Жорий йилнинг январь ойида вилоят суди раисиВоҳиджонНазаров бошчилигида тузилган ишчи гуруҳ аъзолари шаҳар ва туманлар судлари фаолиятини тахлил қилдилар. Натижада бир қанча камчиликларга йўл қўйилаётгани аниқланди.

Бу айниқса, ҳужжатларни юритишда кўзга яққол ташланди. Яъни, котиблар томонидан ёзилаётган суд мажлиси баённомаларида жиддий процессуал, имловий ва мазмун жиҳатидан хатоларга йўл қўйилган. Бундан ташқари судланувчи, жабрланувчи ва судда иштирок этувчи бошқа иштирокчиларнинг кўрсатмалари тушунарсиз, юзаки баён этилган. Ҳатто суд жараёнида суд раиси, прокурор, адвокат томонидан берилган саволлар ўз аксини топмаган ҳолатлар мавжуд.

Ўқув-семинарида бу каби муаммолар тилга олиниб, уларнинг ечими юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. Шунингдек, ҳар бир иштирокчига вилоят суди ходимлари томонидан тайёрланган“Жиноят ишлари бўйича судларда юритиладиган суд мажлиси баённомалари намуналари” қўлланмаси тарқатилди.