ЖАМИЯТ

АНДИЖОНДА САККИЗИНЧИ ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ МАРКАЗИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ


01.04.2021   742

Олтинкўл туман Давлат хизматлари маркази кунлик ўртача 100-120 нафар фуқарога давлат хизматлари кўрсатиб келади. Марказнинг эски биноси қоронғи ўта таъмирталаб бўлганлиги сабабли кўзда тутилган стандартларга жавоб бера олмас, фуқароларга кўплаб ноқулайликларни туғдирарди. Бу эса табиийки, мижозларнинг турли норизоликлари келиб чиқишига туртки бўларди.

Аҳолига қулайлик яратиш, давлат хизматлари кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида туман ҳокимлиги томонидан бир неча йиллардан буён фойдаланилмасдан, нураб ётган бино ўрнида бутунлай янгича қиёфадаги марказ биноси қад ростлади.

27 март куни Олтинкўл туман Давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Унда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Отабек Турсунов ҳамда Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Маҳмуджон Абдижалиевлар иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар сўнгги йилларда аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш тизими ислоҳ қилиниб, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишларни қайд этиб, ушбу Марказ олтинкўлликларнинг фақат яхши куни учун хизмат қилиб қолишини тиладилар.

Ўзига хос, замонавий кўринишга, барча шароитларга эга Марказ зарур техник жиҳоз ва воситалар билан таъминланган бўлиб, бу ерда жисмоний ва юридик шахсларга 160 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилади. Марказда бир вақтнинг ўзида 20 нафар, бир кунда 400 нафар фуқарога хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Замонавий тарздажихозланганкенг ва ёруғ хоналар, кутиш заллари, болалар майдончаси, инвесторлар хонаси мижозларнинг хизматлар билан боғлиқ ҳар қандай оғирини енгил қилади.

Марказда электрон навбат тизими жорий этилди. Ташриф буюрувчилар электрон галаграмма орқали марказ фаолияти ҳақида зарур барча маълумотларни олишлари мумкин. Мавжуд мониторлар орқали эса давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар, давлат хизматлари олиш тартиблари тўғрисидаги роликлар мунтазам намойиш этиб борилади.

Шунингдек, қулай кутиш зали, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун алоҳида хоналар, кутубхона, спорт ва болалар учун ажратилган майдончаларнинг мавжудлиги Марказга келувчиларнинг вақтини мазмунли ўтишига хизмат қилади.

Бинога Давлат хизматлари марказидан ташқари туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими, Бош вазир қабулхонаси, адлия бўлими ва нотариал идораларнинг жойлаштирилганлиги ҳам бу ерга келувчи фуқаролар учун қулайликларни яратиши шубҳасиз.

Очилиш маросимидан сўнг йиғилганлар марказда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.