Андижон 24

АНДИЖОНДА ПРЕЗИДЕНТ МАКТАБИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ (+видео)


27.10.2021   1127

Барча соҳаларда илғор тараққиёт йўлидан бораётган ва юксак марраларни қўяётган юртимиз учун ҳар томонлама етук кадрлар керак. Шу мақсадда давлатимиз раҳбари томонидан қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, бунга замин яратилди. Мактабгача таълим, умумтаълим ва олий таълим тизими мазмунан ва сифат жиҳатидан янгиланиб бормоқда.

Мамлакатимизда ташкил этилаётган Президент мактаблари янги авлод кадрларини тарбиялашда муҳим асос бўлиши шубҳасиз. Чунки бу ўқув масканлари иқтидорли болаларни аниқлаш, илғор технологияларни қўллаган ҳолда уларга сабоқ бериш ва тарбиялаш бўйича яхлит тизим бўлади.

Шундай мактаблардан бири Андижон шаҳрида фойдаланишга топширилди.

Тадбирни очиб берган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ўз сўзида бугун андижонликлар учун том маънода буюк сана эканлигини таъкидлаб ўтди.

- Вилоятимиз миқёсида ўн мингга яқин ўқувчи ёшлар Президент мактаби ўқувчиси бўлиш мақсадида имтиҳонлардан ўтган бўлсалар, улардан энг салоҳиятли, энг билимли, энг муносиб 140 нафари бугун шундай фахрли ном эгаси сифатида қаршимизда турибдилар. Бу сиз-у бизга қанчалик ифтихор бахш этаётган бўлса, шунчалик масъулият ҳиссини ҳам юклайди. Сиз бугундан эътиборан энг кучлилар ичида кучли, бахтлилар ичида бахтли бўлиб, шундай имкониятлар масканида таҳсил олишга киришмоқдасиз. Бу йўлда сизга буюк ғалабалар, катта марралар тилаб қоламан. Мамлакатимиз равнақини юксалтирадиган, вилоятимиз ифтихор этадиган, она халқимиз ишонадиган фарзандлар бўлишингизга ишонч билдираман, - деди вилоят раҳбари ўз сўзида.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президент таълим муассасалари агентлиги директори Ҳилола Умарова, Ўзбекистон қаҳрамони Камолиддин Гапировлар сўз олиб Юртбошимиз ташаббуси билан мамлакатимизнинг энг иқтидорли ва билимли ёшлари учун бунёд этилган мактаб, том маънода юксак имкониятлар мактаби бўлиб қолишини таъкидладилар.

Шундан сўнг меҳмонлар мактаб фаолияти билан танишиб, ўқув жараёнларини кузатдилар.

Президент мактабларининг асосий мақсади таълим жараёнига илғор технологияларни қўллаш орқали иқтидорли ёшларни тарбиялаш ва ўқитиш, рағбатлантириш ҳамда келгусида уларни салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, етакчилик кўникмалари ва нотиқлик маҳоратини ривожлантириш, танқидий фикрлаш, ахборотни излаш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш, олинган билимларни амалиётда қўллаш каби кўникмаларни шакллантиришдан иборат бўлади.

Ушбу мактабларга қабул қилиш республика таълим муассасаларининг 4-синф битирувчилари орасида Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ўтказиладиган мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар натижаларига кўра амалга оширилади.
Президент мактабининг йиллик қабул квотаси 24 нафар ўқувчидан иборат бўлиб, иккита синфга бир хил – 12 нафардан ўқувчи тақсимланади. Биринчи ўқув йилида эса 5-10-синфларга ҳар бир мактаб 144 нафардан ўқувчини ўқишга қабул қилади.
Ўқув жараёни эса хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича инглиз тилида амалга оширилади ва “STEAM – таълим” (Science - табиий фанлар, Technology - технология, Engineering - техник ижодкорлик, Art - санъат, Mathematics - математика) дастури асосида олиб борилади.
Мактабнинг 9-11-синфларида таълим олиш ўқувчиларнинг қизиқишлари ва хусусиятларини, айрим фанни танлаш ва уларни ўрганиш даражасини инобатга олган ҳолда индивидуал ўқув жараёни асосида амалга оширилади.
- Ушбу мактабда ўқув жараёни тубдан янги технологиялар асосида ташкил этилган дейди, - Science (табиий фанлар) ўқитувчиси Шерзодбек Нуралиев. – Дарслар хорижнинг нуфузли университетлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режалар ва дастурлар бўйича инглиз тилида амалга оширилади. - Мактабнинг битирувчилари, белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels)га эга бўладилар, бу эса ўз навбатида хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради.

«auz.uz» online гуруҳи.