«102» хабарлари

АНДИЖОНДА НИҚОБСИЗ МАСТ ФУҚАРО ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРИ ХОНАСИДА ЎЗИГА «МОЙКА» ТОРТДИ


13.04.2020   1317

Андижон шаҳар Ҳамкорлик маҳалласида вақтинча истиқомат қилувчи фуқаро Б.С. кечки вақтда маст ҳолда бақириб, одамлар осойишталигини бузаётганида профилактика инспектори уни тинчлантиришга ҳаракат қилади. Хизмат хонасига таклиф этганида фаол қаршилик кўрсатади.

Профилактика инспектори ўз телефонига олинган тасвирларда хонага олиб кирилган маст фуқаронинг бақираётгани, ҳуқуқ тартибот идораси вакилини уятли сўзлар билан сўкаётгани, баданининг турли жойларига писка билан “мойка” тортгани акс этган.

11 апрель куни Андижон вилояти маъмурий судида ўтказилган очиқ суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 1-қисми, 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан маъмурий иш кўриб чиқилди.

Маълум бўлишича, шу йилнинг 10 апрель куни соат 19:30 ларда спиртли ичимлик истеъмол қилган Б.С. карантинли, инсон учун хавфли бўлган юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойида ниқобсиз юрган. Уятли сўзлар билан сўкиниб, жамоат тартиби ва фуқароларнинг осойишталигини бузган. Ўзига-ўзи баданининг турли қисмларига ўткир кесувчи жисм билан тан жароҳати етказиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан майда безорилик қилган. Ички ишлар органи ходимларининг ҳуқуқбузарликни тўхтатиш ва ички ишлар органига бориш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаган.

Суд маъмурий иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисми билан 892 минг сўм, 194-моддаси 1-қисми билан 446 минг сўм жарима ҳамда 183-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади. Шунингдек, қабул қилиш муассасаси фойдасига маъмурий қамоқнинг ҳар бир куни учун базавий ҳисоблашнинг 15 фоизи миқдорида қамоқ харажатлари ундириладиган бўлди.

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ.

PS: Юқоридаги ҳолатлар бўйича 13 апрель соат 23.15 да «ZO`R»TV телеканалининг 25 соат кўрсатувида батафсил кўринг!