Андижон 24

АНДИЖОНДА НАЗОРАТ ТАРОЗИЛАРИ ИШЛАЙ БОШЛАДИ


14.02.2020   1966

Мамлакатимизда истеъмолчиларни суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, инновацион тeхнологияларни жорий этиш, истеъмолчиларга суюлтирилган газни етказиш тизимини автоматлаштиришга катта эътибор қаратилиб, хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ тизимида, шу жумладан, “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ томонидан бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.

Бугун жамият томонидан вилоят бўйича 367 мингга яқин истеъмолчиларга 575 минг донадан зиёд маиший газ баллонлари орқали суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Истеъмолчиларнинг газ баллонлар билан таъминланганлик даражаси 157% га етказилган. Барча истеъмолчиларга 4 та газ тўлдириш станция ва шаҳобчалари орқали суюлтирилган газ етказиб бериш йўлга қўйилган. Ушбу газ тўлдириш шаҳобчаларининг ойлик газ тўлдириш қуввати 4860 тонна ва газ сақлаш қуввати 457 тоннани ташкил этади. Бир вақтнинг ўзида 28 та махсус газ ташиш автотранспортларига хизмат қилиш имкониятига эга.

Вилоятимиздаги аҳоли хонадонлари ва бошқа турдаги истеъмолчиларга ўтган йили 47 минг тоннадан зиёдроқ суюлтирилган газ етказиб берилган бўлса, жорий йилда 2019 йилга нисбатан 18 минг тоннага кўпроқ суюлтирилган газ етказилиши режалаштирилган.

Ҳар бир истеъмолчини махсус “ID” карталар билан таъминлаш ҳамда маиший газ баллонларга махсус ёрлиқлар ёпиштириш орқали суюлтирилган газни истеъмолчи томонидан қабул қилиш ва тўловни амалга оширишда очиқлик ва шаффофлик яратилади ҳамда ҳисоб-китоб тизими автоматлаштирилади.

Худуддаги суюлтирилган газ истеъмолчилари учун яна бир янгилик жорий этилди. Истеъмолчиларга суюлтирилган газни етказиб бериш учун мўлжалланган мавжуд 67 та автотранспорт воситалари назорат тарозилари билан тўлиқ таъминланди.

- “Вилоятдаги мавжуд “Асака”, “Шаҳрихон”, “Қўрғонтепа” газ тўлдириш шаҳобчалари ва “Ширин” газ тўлдириш станцияси ҳам шу каби тарозилар билан таъминланди, мақсадимиз ҳар бир чилангар газ тўлдириш шаҳобчасида ўзи олаётган маиший газ баллонини ҳам назоратдан ўтказиш имкониятига эга бўлсин. Бундай тарозилар вилоятимиздаги мавжуд 4 та хизмат кўрсатиш пунктларига ҳам ўрнатилди”, - дейди Жамиятнингсуюлтирилган газ таъминоти бўйича директори Илҳомжон Мўйдинов.

Шаҳрихон туманидаги “Андижонлик” МФЙ, Андижон шаҳридаги “Навбаҳор” ҳамда Избоскан туманидаги “Гудур” МФЙ аҳолиси ана шу янгиликдан биринчи бўлиб хабардор бўлдилар. МФЙга ташриф буюрган мутахассислар энди ҳар бир истеъмолчи, ўзи олаётган маиший газ баллонини алмаштириш вақтида тортиб олиш имконияти мавжуд эканлиги ҳақида тушунча бердилар.

Шу ўринда, истеъмолчилар ўз ҳуқуқларини англаган ҳолда суюлтирилган газ баллонларини қабул қилганда, суюлтирилган газни белгиланган сифатда ва ҳажмда етказиб берилишини талаб қилишлари, газ миқдорини назорат тарозиларда ўлчаб кўришлари, белгиланган миқдорда бўлмаган суюлтирилган газни олмасдан рад этишга ҳақлари борлигини унутмасликлари сўралади.

Газ баллонларига суюлтирилган газ белгиланган миқдордан кам қуйилганлиги ёки шу каби холатлар билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолатлари кузатилса, “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖнинг (74) 227-61-99, (74) 227-60-83, (74) 227-60-46 ишонч телефонларигамурожаат қилишингиз сўралади.

Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ матбуот хизмати.