Жамият

АНДИЖОНДА МУҲТОЖЛАРГА ЁРДАМ БЕРУВЧИ «ВОДИЙ МЕҲР-МУРУВВАТ» ЛОЙИҲАСИ ИШ БОШЛАДИ


05.11.2019   1113

Андижон шаҳридаги “Айболит” дорихонаси ходими Дониёрбек Адаҳамов хайрли ишга қўл урди. Муҳтожларгабеминнат ёрдам берувчи “Водий меҳр-мурувват” лойиҳасига асос солди.

“Дастлаб телеграмда шу номда гуруҳ ташкил қидик. Бир ҳафта ичида 8 минг нафардан зиёд саховатли ҳамюртларимиз атрофимизга жамланди. Аввалига саломатлигини тиклаш учун бошқалар кўмагига муҳтож юртдошларимизга амалий ёрдам бера бошладик. Кейинчалик янги фикр туғилди. Натижада кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида озиқ-овқат билан тўлдирилган музлаткич ташкил этилди”,-дейди Дониёрбек Адаҳамов.

Лойиҳа ўз ишини бошлаганига эндигина ўн кун бўлишига қарамай, айрим юртдошларимиз саховатли инсонлар кўмагида текин тиббий муолажа олишга улгурдилар. Андижон ва Қарши шаҳарларида барпо этилган музлаткич эса кам таъминланган оилаларга беминнат хизмат қила бошлади.

“Бу музлаткични бир кунлик рўзғор учун керакли бўлган озиқ-овақат маҳсулотлари билан тўлдирмоқдамиз. У одамлар қатновига мўлжалланган йўлда жойлашган бўлиб, исталган одам ўзига тегишли маҳсулотни олиб кетиши мумкин. Музлаткич ҳеч кимнинг назоратида эмас. Маҳсулотни ўз ҳисобимиздан харид қиламиз. Саховат қилмоқчи бўлган бошқа юртдошларимиз ҳам уни тўлдиришда фаол иштирок этишяпти”,-дейди лойиҳа асосчиси.

Халқимизда меҳр-мурувват, саховат инсонийликнинг бош меъзони ҳисобланади. Атрофимиздаги ёрдамга муҳтожларга имконимиз бўлса моддий, шароитимиз бўлмаса маънавий жиҳатдан кўмак беришнинг ўзи энг катта олижанобликдир. Андижонда бошланган хайрли иш мамлакат бўйлаб давом этишига умидвормиз.

Саминжон ҲУСАНОВ.