ЖАМИЯТ

АНДИЖОНДА МАРҲУМЛАРНИНГ АРВОҲИНИ ЧИРҚИРАТИБ, 38 МИЛЛИОННИ ЎЗЛАШТИРГАНГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ


04.02.2020   1327

Ғанишер Жумақулов (мақолада исм-фамилиялар ўзгартирилган) деганларининг жиноий иши тафсилотларини ўқисангиз, ёқа ушлайсиз.

Вилоятимиздагишаҳарлардан бирида Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлимида мутахассис бўлиб ишлаб, бу дунёдан ўтганларнинг руҳларини безовта қилганлиги, тирик юрган нафақахўрларнинг пенсия пулларига кўз олайтирганлиги ҳар қандай кишини ҳангу-манг қилади.

Инсон зоти борки, ёши бир жойга бориб, пенсияга чиққач давлат томониданунга астойдил ғамхўрлик қилинади. Кун келиб умри поёнига етса, ўз-ўзидан пенсия таъминоти тўхтатилади. Серафима Лебедова деган аёл 2013 йили қазо қилди. Ғанишер буни жуда яхши билар эди. Бироқ Серафима холанинг номини пенсия тўлови қайдномасига киритиб, уни “тирик мурда”га айлантирди.Пенсия жамғармаси ҳудудий бўлими бошлиғи ҳамда тўлов гуруҳи раҳбари имзоларини жуда ўхшатиб қўйиб, марҳуманинг пенсия пулларини жиғилдонига урди. Яна бир ҳамшаҳари Олтинбой ота ҳам 2013 йили боқий дунёга сафар қилди. Фоний дунёда юрган Ғанишер унинг номига пенсия пулларини олаверди. Яна ўша ҳолат – сохта имзолар, Халқ банкининг ходимларини чув тушириб, марҳумнинг арвоҳини чирқиратди. Салима хола деганимиз 2011 йилда вафот этган эди. Ғанишер унинг исму шарифини ҳам алоқа бўлимидан нақд пул кўринишида пенсия оладиган фуқароларнинг тўлов қайдномасига киритди. Қарабсизки, ҳаром луқма ҳазм бўлаверди.

Улар-ку охиратга сафар қилганлар. Бу дунёда тирик юрганлар ҳам Ғанишернинг “чангал”идан тушиб қолмадилар. Анастасия Петрова Россияда яшайдиган қизиникига кетиб, узоқ вақт туриб қолди. Шу оралиқдаги пенсия пулини Ғанишер ҳамёнига урди. Сора хола оғир хасталикка чалиндию, хорижга бориб даволанишига тўғри келди. Ўзи йўқнинг кўзи йўқ, деганларидай нафақасини шайтон йўлдан урган йигит “бегона қилмади”.Олий ўқув юртида узоқ йиллар ишлаб, пенсия чиққан бир домла бўлгувчи эди. Тажрибаси, илми керак экан, иш фаолиятини давом эттириб пенсиясинибелгиланган тартибда – эллик фоиз миқдорида олиб юрган эди. Ғанишер хизмат ваколатидан фойдаланиб, унинг номига пластик карта очтириб олди – эгаси ўзи, демак тушган пул ҳам ўзиники.

Судда Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлимида мутахассис бўлиб ишлаб, марҳумларнинг руҳини чирқиратган, тирикларнинг ризқига шерик бўлган Ғанишер Жумақулов етти ҳолат бўйича салкам 38 миллион сўм пенсия пулларини талон-тарож қилганлиги маълум бўлди. Суд унинг қилмишларини адолат тарозусига қўйиб кўриб чиқди. Албатта, Ғ. Жумақулов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг “г” банди, 209-моддасининг 1-қисми билан айбдор деб топилди. Судланувчи жазосини олди. Бироқ, мана шу жиноий ҳатти-ҳаракатларнинг оқибатлари, ёши улуғларнинг, қолаверса бу дунёни тарк этганларнинг иззатию хотираси поймол бўлганлиги ҳар қандай кулфатдан мудҳишроқ жазодир.

Инъомжон НОРМАТОВ,

Жиноят ишлари бўйича

Булоқбоши тумани судининг раиси.