Жамият

АНДИЖОНДА МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ РАҲБАРЛАРИДАН ПУЛ ТАЛАБ ҚИЛГАН ШАХСЛАР ҚЎЛГА ОЛИНДИ


21.01.2021   1612

Андижон шаҳридаги 6-, 33-, 47-, ва 61-сонли мактабгача таълим муассасаларида ўзларини “Ўзбекистон Республикаси президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ходимлари” деб таништирган фуқаролар — А.А. ва М.А. муайян муаммоларни аниқлаб, муассасалар раҳбарларидан пул талаб қилишган.

Хусусан, улар 3 та МТT фаолиятида турли камчиликларни аниқлаб, муассаса раҳбарларидан жами 1 млн сўм пулни ноқонуний тарзда талаб қилиб олган. Бундан норози бўлган 61-сон МТT раҳбари вилоят ички ишлар бошқармасига мурожаат қилган.

Тезкор ҳаракатлар натижасида 19 январ куни А.А. ва М.А. Марҳамат туманидаги 28-сонли МТT раҳбаридан 200 минг сўм олаётган вақтида туман ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинди. Уларга тегишли қалбаки гувоҳномалар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.