Андижон 24

АНДИЖОНДА КУЗ-ҚИШ МАВСУМИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ БЎЙИЧА ДОЛЗАРБ 20 КУНЛИК ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ


07.10.2019   2754

6 октябрь куни Андижон шаҳридаги Шимолий кичик даҳада жойлашган кўп қаватли уйлар олдида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов кўп қаватли уйларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўришни ташкил этиш бўйича йиғилиш ўтказди.

Унда вилоят ҳокимлигининг котибият мудирлари, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, электр, газ, сув таъминоти корхоналари ҳамда бошқа коммунал ташкилотларнинг вакиллари, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг ўринбосараларидан ташкил топган ишчи гуруҳ аъзолари иштирок этдилар.

- Тўғри биз анча кеч қолдик, бироқ оз бўлсада ҳали вақт бор. Шу сабабли бугундан бошлаб вилоятда мавжуд кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича долзарб йигирма кунликни эълон қиламан. Ҳар бир бино-иншоотни синчиклаб текшириб чиқишингиз, уйма-уй юриб аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаб, уни бартараф этиш бўйича таклифларни беришингиз керак. Ишчи гуруҳ ана шунинг учун тузилди. Халқ давлатдан, биз ишчилардан рози бўлиб яшаши керак, - деди вилоят раҳбари.

Шунингдек, йиғилишда банк, маҳалла, ширкатлар вакилларига айрим фуқаролар коммунал тўловлардан қарздорлигини ундириш, уйларни том ва фасад қисмларини таъмирлаш юзасидан ажратилган имтиёзли кредитларни давлатга қайтариш масалаларида учраётган муаммоларни бартараф қилиш борасида керакли кўрсатма ва топшириқларни берилди.

Фурсатдан фойдаланиб, аҳолига бир қатор қулайликларни яратиш, йўл қўйилган хато ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида Андижон вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғининг махсус “телеграм” рақами, шунингдек, фейсбук ижтимоий тармоғида расмий саҳифалари ишга тушганини эслатиб ўтмоқчимиз.

Агарда сизни уй-жойга оид муаммоли ҳолатлар қийнаётган бўлса, мурожаатларингизни ёки йўналиш бўйича қизиқтирган саволларингизни бошқарма ҳузурида ташкил этилган “Диспетчерлик хизмати”га ёки ижтимоий тармоқдаги саҳифаларга ёзиб қолдиришингиз мумкин.

Бу орқали сиз ўз вақтингизни тежашингиз, шунингдек уй ва унинг атрофидаги муаммоларни тез фурсатларда бартараф этилишига эришишингиз мумкин.

Мурожаат учун:Telegram: +998-90-202-21-01.

https://www.facebook.com/anduyjoykommunal

“Диспетчерлик хизмати” телефон рақами: 74-226-21-01.

Андижон вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси матбуот хизмати.