Бугуннинг гапи

АНДИЖОНДА ҚЎЙЧИЛИККА ИХТИСОСЛАШГАН КЛАСТЕР ИШГА ТУШАДИ


12.06.2019   17229

МАРҲАМАТ (auz.uz) - Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Марҳамат қишлоқ ва сув хўжалиги коллежида (чоршанба) инвестиция куни доирасида ўзларининг истиқболли лойиҳаларини амалга оширишни истаган маҳаллий ва хорижий тадбиркорларни қабул қилди.

Учрашувда ижро ҳокимияти томонидан қонун доирасида яратиладиган шароит ва имкониятлар, айни вақтда тадбиркорларга қўйиладиган талаблар ҳақида атрофлича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, тақдим этилаётган шароитларга жавобан сармоядорлар ҳам ишга астойдил киришишлари, лойиҳалар замонавий илғор технологияларга асосланиши, маҳсулотнинг экспортбоплиги, иш ўрнининг салмоғи, қисқа фурсатларда бажарилиши зарурлиги уқтирилди.

Қабул давомида ҳар бир шаҳар ва тумандан келган тадбиркорлар, инвесторлар ўз ғоялари ва таклифларини илгари сурдилар. Масъулият, ташаббускорлик, андижонпарварлик нуқтаи назаридан баҳоланган лойиҳалар қўллаб-қувватланди.

Улуғнорнорлик Улуғбек Абдурайимов бир неча йиллардан буён тадбиркорлик билан шуғулланади. Ўтган йилда эътибордан четда турган йўналиш - қўй жунини қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўзда тутилган лойиҳани амалга ошириш мақсадида "Ulu`gnor runo" масъулияти чекланган жамияти ташкил этди.

- Дастлабки босқичда аҳолидан йиғиб олинган жунни ювиб, қадоқланган ҳолда экспорт қилиш ўзлаштирдик, - дейди тадбиркор. Энг асосийси ушбу йўналишда "Андижон бренди"ни яратдик. Шундан келиб чиқиб, фаолиятимизни кластер усулида давом эттиришни режалаштирганмиз Шу сабабли айни вақтда Испаниядан меринос зотли қўйларни олиб келиш устида изланяпмиз. Бу билан сифатли хом ашё ўзимизда тайёрланади. Бунинг учун тижорат банклари томонидан 12 миллиард сўм кредит зарур. Қабул мобайнида мавжуд муаммоларни ҳал этишда амалийёрдам сўрадим. Тез орада масалага ижобий ечим топилиши билдирилди.

Агарда биз айтган лойиҳа ишга тушадиган бўлса, келгуси йилдан жун тайёр маҳсулот ҳолида буюртмачиларга етказилади. Энг асосийси 500 та иш ўрни яратилади.

Вилоят раҳбари кун давомида тадбиркорларнинг юзга яқин муаммоларини жойида ҳал этилди.